Депутатларга давлат мукофотлари топширилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ депутатларга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бугун ислоҳотларнинг янги босқичида парламент, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли тубдан ўзгарди. Унинг фаолияти янги мазмун-моҳият билан бойиди, депутатлик корпусининг фаоллиги ошди, халқимиз манфаатларини таъминлашдаги масъулияти кучайди.
Натижа эса қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигида намоён бўлмоқда. Буларнинг барчаси мамлакат Президентининг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган стратегик ташаббуслари самараси экани барчага аён. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз сиёсий тизимининг бир бўлагини ташкил этувчи ҳокимият вакиллик органлари ишига катта эътибор қаратиб, депутатларни халқнинг ҳақиқий вакиллари, унинг хоҳиш-иродаси ва манфаатларининг том маънодаги ифодачиси сифатида эътироф этган ҳолда, улар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб келмоқда.
– Мамлакатимизда кейинги тўрт йилда кечган кенг миқёсли туб ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиликлар асрларга татигулик бўлди. Бу жараёнда парламентимизнинг фаол иштироки ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, давлатимизнинг ҳар томонлама тараққий этиб, жаҳон майдонидаги нуфузи янада ошишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг аниқ ва тўғри танлаган сиёсий йўли, халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига таяниб, барча мураккаб синовларни мардона енгиб ўтиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаётни таъминлашдек эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. “Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда, — деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов.
Бугунги депутат ўз фаолиятининг аксарият қисмини одамлар орасида сайловчилар билан бевосита мулоқотда бўлиш, уларнинг дарду ташвиши билан қизиқиш, оғирини енгил қилишга қаратган халқ вакилидир. Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш депутатлар сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Шу боис, депутатлар иши самарадорлигини таъминлаш, ўз сайловчилари билан ҳеч қандай монеликсиз тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиши учун айнан Президент ташаббуси билан «Электрон парламент» тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим халқ билан мулоқотни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини кенгайтиради.
Тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, «Парламент халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси бўлиши зарур» деган улуғвор ғоянинг амалдаги ифодаси таъминланади.
– Депутатлар корпуси фаолиятининг мамлакатимизда демократияни янада ривожлантириш, ҳақиқий халқ ҳокимиятчилиги, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтиришдаги ўрни ва аҳамиятини янада юксалтириш бош мақсадимиз бўлиб қолаверади, – деди Спикер.
Тадбирда Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тақдирланган бир гуруҳ депутатларга юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА