Депутатлар янада фаол бўлиши даркор
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилинганлигига қарамасдан, жойларда ушбу қарорлар ижроси етарлича таъминланмаяпти. Имтиёзлар ва яратилаётган шароитлар бўйича тушунтириш ишлари фуқаролар ҳамда тадбиркорларга манзилли етиб бормаяпти. Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис палаталари жойларда халқ депутатлари кенгашлари билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Дарҳақиқат, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунда депутатлар фаоллигини таъминлаш, туман ва шаҳар Кенгашларидаги доимий комиссияларнинг фаолиятини кўчайтириш, пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқларининг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, карантин шароитида аҳоли билан онлайн учрашувлар, видеоалоқа орқали муҳокамаларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.