Депутатлар “Яллама” чегара божхона пости фаолияти билан танишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари “Яллама” чегара божхона постида бўлиб, унинг фаолиятини назорат-таҳлил тартибида ўрганди.
Ўрганиш давомида божхона постида жисмоний ва юридик шахслар учун яратилган шароитлар, товар ва транспорт воситаларини текшириш тизими, божхона расмийлаштирув жараёнлари ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилиши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишлар давомида маълум қилиндики, божхона органлари фаолиятида 60 дан ортиқ ахборот тизимлари жорий этилган, 8 та давлат билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Бу эса ташқи иқтисодий операцияларни онлайн кузатиш, хавфли юкларни олдиндан аниқлаш, маълумотларни тезкор таққослаш имкониятини кенгайтирмоқда.

— Бугунги глобаллашув жараёнида давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий, хавфсизлик ва ташқи сиёсий тизимида стратегик аҳамият касб этади, — дейди депутат Гулчеҳра Тожибоева. — Чегара орқали юклар, транспорт воситалари ва фуқаролар ҳаракати қанчалик тезкор, қонуний ва шаффоф ташкил этилса, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги, ташқи савдо салоҳияти ва халқаро нуфузи шунчалик мустаҳкамланади. Шу нуқтаи назардан божхона назорати ва расмийлаштируви тизимини такомиллаштириш, уни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини қисқартириш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Назорат-таҳлил доирасида “Яллама” постида қўлланилаётган замонавий техник воситалар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Радиация назорати қурилмалари, инсон танасини сканер қилувчи мосламалар, мобил инспекцион воситалар, автотарозилар ҳамда инспекцион-кўрик мажмуалари орқали назорат жараёнлари тезкор ва аниқ амалга оширилаётгани маълум бўлди.

Ўрганиш натижасида соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, амалиётда учраётган айрим камчиликларни бартараф этиш масалалари атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
М.Комилова, ЎзА