Депутатлар сайловчилар ҳузурида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жаҳонгир Ширинов ҳамда Назир Сабировлар Қоракўл туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабида “Сайёд”, “Солур” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда мактаб жамоаси билан учрашди. Сайловчиларга қонунларга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Учрашув давомида аҳоли вакиллари томонидан тоза ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш, томорқа ерларини суғоришда сув муаммоси, захкашларни қазиш, шунингдек, уй-жой ҳамда ҳудуддаги Оилавий поликлиника филиалини қайта қуриш каби бир қатор масалаларда мурожаатлар бўлди.

Депутатлар аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган ушбу муаммолар ечими юзасидан тегишли мутасадди раҳбарлар билан боғланиб, айримларини жойида ҳал этди. Жумладан, Солур ва Сайёт қишлоқларига ичимлик сув қувурини тортиш ҳамда ичимлик суви таъминотидаги ишларни ижобий ҳал қилиб берилиши маълум қилинди. Худди шундай Сайёт қишлоғида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида овоз йиғиш йўли билан қўлга киритилган оилавий поликлиника қурилиши учун 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳамда 10 кун ичида қурилиш ишларини бошлаб юборилиши юзасидан туман молия бўлими ва захкашларни қазиш бўйича туман мелиорация бўлими бошлиқларига топшириқ берилди.

Бундан ташқари, туман йўл бўлими томонидан Солур маҳалла ҳудудидаги қатор ички йўлларни шағаллаштириш белгиланди. Шунингдек, бемор М.Рни бош мия касаллигини даволаш учун малакали тиббий хизмат ва дори-дармон билан таъминлаш масаласи туман тиббиёт бирлашмаси бош врачига юклатилди. Унинг 3 нафар вояга етмаган фарзандларига бола пули нафақаси тайинланишида тегишли ҳужжатларни топширилиши тушунтириб ўтилди.

– Сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашув давомида кўплаб муаммоларга ечим топдик, – дейди депутат Назир Сабиров. – Шунингдек, қабул қилинаётган қонунлар аҳолининг барча қатламига тушунтириб ўтилди.

Учрашув якунида депутатлар Солур маҳалласи еттилиги билан учрашиб, маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.