Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари шу кунларда ўз сайлов округларида бўлиб, аҳолини ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Парламент қуйи палатаси депутатлари Э.Аслонова ҳамда М.Баратованинг Бухоро шаҳридаги “Кўкалдош” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари билан ўтказган учрашувида дастлаб, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга яқиндан кўмаклашиш, уларга имтиёзли банк кредитлари ажратилишида кўмаклашиш юзасидан бажарилаётган ишлар бўйича тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Депутатлар “Маҳалла еттилиги” масъуллари билан ўтказилган суҳбат давомида ушбу тизимнинг аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, хусусан камбағалликни қисқартириш борасидаги ўрни ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллада тадбиркор Г.Темирова томонидан ташкил этилган овқатланиш шохобчасида ҳам бўлиб, унинг иш фаолияти билан танишди. Бу ерда ўн нафарга яқин маҳалладошларнинг доимий бандлиги таъминланган. Халқ ноиблари томонидан маҳаллий тадбиркорга иш фаолиятини янада кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Депутатларнинг Бухоро тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей педагогик жамоаси ва ўқувчи ёшлари билан ўтказган учрашуви ҳам қизғин ўтди. Учрашувда “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини янада ривожлантириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган асосий йўналишлар, тегишли боб ва моддалар бўйича батафсил сўз юритилди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда битирувчи ёшларни олий таълимга қамраб олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим масалалардан бирига айланган. Юртимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш масаласида яратиб берилган имтиёз ва имкониятлар туфайли олий маълумот олиш истагида бўлган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Учрашув доирасида депутатлар лицейдаги таълим-тарбия жараёни, дарсларнинг бориши, тўгараклар фаолияти, ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.