Депутатлар олти ойда қандай ишлади?
Жумладан, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) фаолияти мисолида бу жараённи кузатиш мумкин.
Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб Парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бораётир.
Жумладан, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) фаолияти мисолида бу жараённи кузатиш мумкин. Яъни маҳаллий Кенгашнинг аксарият депутатлари бугун олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини, Президентнинг талаб ва истакларини тушуниб, ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашишмоқда.
Бу имконият ва сиёсий фаоллик депутатларимизга маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди.
Ўтган олти ой давомида Кенгаш депутатлари томонидан халқ муаммоларини ҳал этиш мақсадида мутасаддиларга 144 та сўровнома юборилган. Шундан 47 фоизи ижобий ҳал этилган, қолган сўровлар ҳозирги вақтда ижрода. Кенгашнинг самарали фаолият юритиши учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилган. Шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтида “Samarqand” газетасида, расмий веб-сайт ва газетанинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Кенгашнинг веб-саҳифаси ҳамда телеграм ижтимоий тармоғида кенг ёритилиб борилмоқда.
Шу кунга қадар 11 та Кенгаш сессияси ўтказилиб, 30 га яқин раҳбарларнинг ахборотлари тингланди. Қувонарлиси шундаки, Кенгашда барча ҳисоботлар ҳам маъқул деб топилмаяпти. Бу эса ушбу масалада муаммолар мавжудлиги баробарида, Кенгаш ишидаги очиқлик, шаффофлик ва депутатларнинг фаоллигидан далолат беради. Мисол учун, Кенгашнинг еттинчи сессиясида шаҳар молия бўлими раҳбарининг, ўнинчи сессиясида шаҳар бандлик бўлими раҳбарининг ҳисоботи депутатлар томонидан «қониқарсиз», деб баҳоланиб, қайтадан навбатдаги сессия кун тартибига киритиш бўйича сессия қарори тасдиқланди.
Яна бир ютуқли жиҳат Кенгаш сессиялари кун тартиби тасдиқланишидан ўн кун олдин “Samarqand” газетасида, расмий веб-сайт ва газетанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, ижтимоий тармоқлар ҳамда шаҳар ҳокимлиги веб-сайтига «Сессияга таклифингиз борми?» сарлавҳаси остида режалаштирилаётган сессия кун тартиби берилиб борилмоқда. Фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида сессия кун тартиби ва қарор лойиҳалари тайёрланмоқда. Бу эса кўриб чиқиладиган масаланинг долзарблигини таъминлайди.
Бугунги шароитда маҳаллий Кенгаш йиғинлари ва сессияларида очиқлик, шаффофлик ва сиёсий фаолликни кучайтириш мақсадида ушбу жараёнлар онлайн режимда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жонли кўрсатилиши керак. Бу борада ҳам дадил қадам ташланди: Кенгашнинг охирги уч сессияси тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқларга онлайн узатилди.
Энг катта ютуғимиз эса Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши котибиятининг ташкил этилиши бўлди. Бу, ўз навбатида, фуқаролик жамияти ривожланиши ва демократик принципларнинг амал қилишига асос бўлиши баробарида депутатларнинг самарали фаолият олиб бориши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.
Яқинда Кенгаш котибияти билан Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича мавжуд муаммоларни муҳокама қилдик. Натижада, доимий комиссия аъзолари ва раислари олдида корхона, ташкилот ва бошқарма бошлиқлари ҳисоботларини эшитиш тажрибаси йўлга қўйилди.
Аммо, тан олиш керак, соҳадаги ютуқлар ва янгиликлар қатори маълум камчиликлар, хатоликлар ва ҳаттоки қонун бузилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Қуйида уларнинг айримлари ҳамда муаммони бартараф этиш учун баъзи бир таклифларни келтириб ўтмоқчиман.
Биринчидан, Кенгаш сессияларида баъзи бир депутатлар сабабсиз ёки ўйлаб топилган баҳоналари билан қатнашишмайди. Бу борада Кенгаш котибияти Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси билан ҳамкорликда депутатга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўришлари ва кейинги жараённи назоратга олишлари лозим.
Иккинчидан, айрим депутатларнинг профессионал савияси, ҳуқуқий саводхонлиги, уларнинг депутатлик фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш кўникмалари бугунги кун талаблари даражасида эмас. Махсус ишчи гуруҳи тузиб, депутатлар фаолияти учун зарур бўлган махсус энциклопедик китоб ё мажмуа тайёрлаш керак, деган фикрдаман. Шунингдек, масала юзасидан амалий семинар ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, ҳар ой якунига етганда доимий комиссиялар ва депутатларнинг бажарган ишлари хусусида ўзлари учун ажратилган жилд(папка)ларга ҳисоботлари йиғиб боришлари зарур. Афсуски, бу борада ҳам бепарво ёки масъулиятсиз халқ вакилларимиз бор. Ушбу муаммони бартараф этиш учун Кенгаш котибиятига ҳар ойда ҳар бир нафар депутат ҳисобот бериши тажрибасини ҳуқуқий ҳужжат асосида жорий этиш лозим. Ёзма равишда тақдим этилган ҳисобот берганлик даражасига тенглаштирилса яхши бўларди. Ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги ва самарадорлигини ўрганиш эса Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясига юклатилсин.
Тўртинчидан, айрим депутатларнинг омма олдидаги баёнотлари, фикр-мулоҳазаларида фуқароларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситадиган, обрўсизлантирадиган ёки аниқланмаган, тахмин қилинган, мавзу доирасидан йироқ фикрлар учраб туради. Қонунчиликка мувофиқ депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Кенгаш томонидан кўриб чиқилиши керак. Бу ҳолатни эса амалда қўллаш лозим.
Бешинчидан, маълум бир ҳудудда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият томонидан амалга ошириш режалаштирилаётган ишлар, чора-тадбирлар бўлса, ўша округ депутати огоҳлантирилмайди, фикрлари инобатга олинмайди, ваҳоланки, депутат ўша ҳудуднинг аҳолиси билан доимий мулоқотда бўлади ва вазиятни нисбатан яхши билиши мумкин. Бундай пайтда маълум бир ҳудудда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар, чора-тадбирлар бўлса, аввалроқ ўша округ депутатига маълумот сифатида етказилиши керак.
Олтинчидан, Кенгаш депутатлари, ҳисобот берувчи, маърузачи ё бошқа шахслар томонидан Кенгашнинг регламенти нормаларини бузиш ҳолатлари кўп кузатилади. Шунингдек, Кенгашнинг сессияси давомийлиги танаффуссиз айрим ҳолларда 3-4 соатгача чўзилади. Регламентга қатъий амал қилишга одатланиш учун Кенгашнинг регламенти нормаларини бузган шахсга нисбатан огоҳлантириш бериш лозим. Регламент нормаларини реал воқелик асосида аниқлаш ва тасдиқлаш. Бизнингча, Кенгашнинг сессияси давомийлиги энг кўпи билан 2 соатдан ошмаслиги керак.
Еттинчидан, сессия ўтказиладиган вақт, сана ва кун тартиби баъзи ҳолларда кеч эълон қилинади (бир-икки кун олдин). Ҳисоботлар ҳам бир-икки кун олдин депутатларга онлайн тарзда етказилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил
30 декабрдаги Қарори 1-иловасида «Сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби Кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилади. Кенгаш депутатларига танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади»(12-модда, иккинчи хатбоши) деб қайд этилган.
Саккизинчидан, бугунги замонавий технологиялар ривожланган даврда, афсуски, Кенгаш ишида етарли даражада замонавий электрон технологияларидан фойдаланилмаяпти. Масалан, IT технологияларининг потенциалидан кенг фойдаланиш даркор. Бунинг учун электрон ҳисоботларни ўқиш, электрон муносабат ва электрон овоз бериш тизимини жорий этиш зарур. Шунингдек, сессия ўтадиган бинода замонавий ахборот технологиялари, интернет ва электрон алоқа, экран (ҳисобот берувчи учун ва регламентни кўрсатиб туриш учун) ўрнатиш лозим.
Тўққизинчидан, Кенгаш таркибидаги доимий комиссиялар фаолиятини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Ачинарлиси, бугунги кунга қадар бирорта доимий комиссиянинг ҳисоботини сессияда эшитмадик. Ваҳоланки, қонунчиликка мувофиқ доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва унга ҳисобдордир (63 модда). Доимий комиссиялар ҳисоботларини эшитишни сессияда анъанавий тарзда йўлга қўйиш керак, деган фикрдаман. Шунингдек, доимий комиссияларнинг иш режалари ва самарадорлигини таҳлил этиш Кенгаш котибиятига юклатилиши лозим.
Ўнинчидан, кўпчилик депутатлар қилаётган ишларини ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилганда шахс дахлсизлиги, депутатлик одобига риоя этишмаяпти. Ўз иш фаолиятлари, жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, муаммо ва истиқболли лойиҳалар бўйича эса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда фаол қатнашиш лозим. Ушбу жараёнда депутатлик имижини шакллантириш ва жорий этиш мақсадга мувофиқ. ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали фаолликни ошириш учун очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри мулоқот тизимини йўлга қўйиш зарур.
Ўн биринчидан, Президентимизнинг 30 июль куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг ижро ҳолатлари ҳамма жойда қониқарли, деб бўлмайди. Сабаби, бизга етиб келган маълумотлар, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни таҳлил этсак, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини тўғри ва ҳаққоний шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тарқатиш бўйича жузъий камчиликлар ва хатоликлар мавжудлигини англаш мумкин. Шундай вазиятда жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг олдини олиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда муваққат ишчи комиссия тузиш керак.
Булардан ташқари, айрим мансабдор шахслар ёки уларга ишониб қолган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, адолатсиз ишлари ё хурмача қилиқлари кенг жамоатчилик муҳокамасига айланиб, халқнинг норозилигига сабаб бўлади. Афсуски, ана шундай ҳолатларда биз, депутатлар томошабин бўлиб туришимиз ёки лоқайдлик қилишимиз адолат ва виждон мезонига тўғри келмайди. Ахир, биз халқ вакилларимиз, фуқароларимизнинг манфаат ва эҳтиёжларини биз ҳимоя қилишимиз керак.
Баҳодир РАҲМОНОВ,
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг
Регламент ва депутатлик одоби масалалари
бўйича доимий комиссияси раиси