Депутатлар мутасаддилар ҳисоботини эшитди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси – OʻzLiDePнинг Улуғнор туман кенгашидаги депутатлари томонидан туман Бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддиларининг ҳисоботи эшитилди.
Андижон вилояти Улуғнор туманида ишсиз, кам таъминланган оилалар, четга ишлаш учун кета олмаган фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, маҳаллада аҳоли бандлиги, ишсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича механизм жорий этилиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Меҳнат вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 404 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган 80 нафар фуқаронинг томорқасига субсидия маблағлари ҳисобидан енгил конструкцияли 40 та иссиқхона қуриб берилган.
– Партиямиз депутатлари Бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ишсиз фуқароларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий равишда ўрганишлар олиб бормоқда, – дейди OʻzLiDeP Улуғнор туман кенгаши ижрочи котиби Гавҳарой Абдувоситова. – Айниқса, тумандаги 325 нафар вақтинча ишсиз фуқарога ишсизлик нафақаси тайинлаш ва тўлаб берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманда ишсиз аҳолини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда Улуғнор қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқув марказида 371 нафар фуқаро 15 турдаги касб ва ҳунарларга ўқитилмоқда. Умуман, туманда жорий йилда 2 минг 204 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур режага асосан. мутасадди ташкилотлар томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудидаги ишсизлик юзасидан муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими юзасидан тегишли ташкилотларга депутат сўровлари юбориш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнини фуқаролар ўртасида кенг тарғиб этиш бўйича мутасадди ташкилот билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА