Депутатлар муаммоларни ўрганмоқда
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро вилояти Вобкент туманидаги ўрганишлари давомида ушбу ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, маҳаллий тадбиркорлар учун тегишли шарт-шароитларни яратиш масалалари юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Тумандаги бир қатор тижорат банкларидан аҳолига, хусусан аёллар ва ёшларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва бу борадаги ишлар самарадорлиги ҳам ишчи гуруҳ аъзолари эътиборидан четда қолгани йўқ. Тумандаги секторлар ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам ўрганиб чиқилиб, жойлардаги айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ маслаҳат, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Бухоро туманидаги ўрганишларда “Агробанк” ва “Халқ банки” АТБ туман филиаллари томонидан ҳудудда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар, уларнинг ўз вақтида қайтарилиши ва бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Работиқалмоқ” ва “Деҳча” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган соҳанинг навқирон вакиллари фаолиятини кўздан кечирди.
Жумладан, “Деҳча” маҳалла фуқаролар йиғинида Азим Искандаров ташаббуси билан мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилган. Якка тартибда фаолият олиб борувчи А.Искандаров саъй-ҳаракати билан 10 га яқин кишининг бандлиги таъминланган.

– Жорий йил охиригача бу ердаги ишловчилар сонини жами 20 нафарга етказиш режалаштирилган, – дейди тадбиркор А.Искандаров. – Тижорат банкидан ажратилган 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига эндиликда цехимизда юмшоқ мебель жиҳозлари, стол-стул, шкаф, ошхонага мўлжалланган ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарамиз.
Искандаровлар хонадонида оила аъзоларининг барчаси тадбиркорлик фаолияти билан банд бўлиб, улар тўй сарполарига буюртмаларни ҳам қабул қилган ҳолда мижозлар ишончини қозониб келмоқда.
Шунингдек, асаларичилик кони фойда эканлигини яхши тушунган оила аъзолари бу соҳада ҳам кутилган натижаларга эришмоқда.

Туманда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган ҳудудлардан яна бири “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, бу ерда ёш тадбиркор Завқиддин Асадов саъй-ҳаракати ҳамда ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Давлат Жўраев кўмагида тижорат банкидан ажратилган тегишли миқдордаги кредит ҳисобидан 1 марта ишлатиладиган идишлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех фаолияти йўлга қўйилган.
Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу цехда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Ёш тадбиркорнинг кейинги фаолиятига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар ечими юзасидан ўз таклиф, тавсия ва маслаҳатларини берди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири