Депутатлар мавсумга тайёргарликни ўрганди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси масъуллари ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини ўрганди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ туман корхонаси томонидан амалга оширилган кузги-қишки иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди.
Назорат-таҳлил тадбирида депутатлар томонидан аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи, трансформатор пунктлари, тармоқларнинг техник ҳолати, захира материаллари ва авариявий ҳолатларига тайёрлик даражасига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга корхона масъуллари томонидан 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор электр энергияси билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Таҳлил жараёнида айрим ҳудудларда тармоқларнинг эскирганлиги, кучланиш пасайиши ва ёритиш тизимида носозликлар мавжудлиги қайд этилди. Депутатлар томонидан мазкур камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, аҳолига қулай шароит яратиш ва энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Депутатлик назорати давомида Қоровулбозор электр таъминоти корхонаси раҳбариятига куз-қиш мавсумини хавфсиз ва барқарор ўтказиш, истеъмолчилар билан самарали алоқа ўрнатиш, шикоятлар ва мурожаатларга тезкор жавоб йўллаш бўйича топшириқлар берилди. Мазкур назорат натижалари асосида Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида алоҳида ҳисобот эшитилиши режалаштирилди.

Туманда бугунги кунда жами 2700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб келаётир, 696 та хонадон бўлиб, электр таъминоти тизимида 30 дан ортиқ трансформатор пункти ишлаб турибди. Корхона томонидан куз-қиш мавсумида 24 соатлик навбатчилик ва захира бригадалар фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА