Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, аҳолининг муаммоларини, жойлардаги ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганмоқда.
Экопартия фракцияси аъзоси Ольга Литвинова пойтахтимизда бир қатор муҳим йўналишлардаги ишлар билан танишди. Хусусан, Дилбоғ маҳалласидаги 255-сонли умумтаълим мактаби базасида фаолият юритаётган кундузги оромгоҳ фаолияти ўрганилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 30, 31-сонли оилавий поликлиникаларда олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳолатлари ҳам кўриб чиқилди. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда оғир ижтимоий аҳволдаги фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ётоқ жиҳозлари каби зарур ёрдамлар кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг эҳтиёжлари ўрганилди. Уларга муҳим дори воситалари учун моддий ёрдам ажратиш масаласи тезкор ҳал этилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган масалалар, кўтарилган муаммолар депутат томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга зарур чораларни кўриш учун юбориладиган бўлди.
***
Экологик партия фракцияси раҳбари ўринбосари Ойбек Раҳимов ҳам Бухоро вилоятида изчил ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Жумладан, депутат Қоракўл тумани Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Олим Жумаевнинг хонадонида бўлди.
Оилавий тадбиркор Бухоро иқлимининг ҳар қандай инжиқликларига қарамай, мўъжазгина иссиқхонада лимон, апельсин, банан, кўп йиллик гуллар, кўкат каби ўнлаб сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириб, ички бозорга етказмоқда ва шу билан оилани даромад билан таъминламоқда.

Тадбиркорнинг айтишича, иссиқхонадан йилига ўртача 70-80 миллион соф даромад қилиняпти. Деҳқон келгусида янгича имкониятлар, замонавий технологияларни жорий қилишни режалаштирган.
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

М.Комилова, ЎзА