Депутатлар фаоллиги кучайтирилмоқда
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ҳамда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида фаолият юритаётган депутатлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган мулоқотда маҳаллий Кенгашларда фаолият олиб бораётган 80 нафар ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари аъзоларининг фаолияти атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари, сайловчилар билан ишлаш даражаси, депутатлик сўровларидан фойдаланиши ва уларнинг натижалари, аҳоли мурожаатларига муносабати ҳамда ҳудуддаги муаммоларни ҳал этишдаги иштироки таҳлил қилинди.
Мулоқотда депутатлар фаолиятини тизимли равишда баҳолаш, мавжуд ҳолатни аниқ кўрсаткичлар асосида таҳлил қилиш ва натижадорликни ошириш мақсадида депутатлар шартли равишда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилгани маълум қилинди.
– Ҳисобот даври якунларига кўра, вилоят бўйича 33 нафар депутат “яшил”, 17 нафар депутат “сариқ” ва 18 нафар депутат “қизил” тоифага киритилди, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Ғофир Алиев. – Ушбу кўрсаткич депутатлик фаолиятида аҳоли билан ишлаш, мурожаатларни ўрганиш, депутатлик сўровларидан самарали фойдаланиш ва амалий натижага эришиш борасида жиддий чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Очиқ мулоқотда депутатлик фаолиятига баҳо беришда ёндашувларни янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда депутатлар фаолиятини баҳолашда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар ёки берилган депутатлик сўровлари сонигина эмас, балки улар ортидан эришилган амалий натижалар муҳим мезон бўлиши кераклиги таъкидланди. Хусусан, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳар бир депутат фаолиятининг муҳим йўналишига айланиши лозим.
Депутатлар ўз сайлов округларидаги камбағал оилаларни кичик бизнес ва тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кредит ва субсидиялар ажратилиши жараёнини ўрганиш ва депутатлик назоратига олиш, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши ёки доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишда фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.
Бунда “хонадонбай” ишлаш тамойилига алоҳида урғу берилди. Яъни депутатлар ўз округидаги эҳтиёжманд ва ишсиз оилаларни фақат рўйхатга олиш билан чекланмасдан, хонадонларга кириб, уларнинг муаммосини ўрганиши, мавжуд имкониятларини аниқлаши, касби ёки қизиқишига мос даромад манбасини топиши ҳамда бандлиги таъминлангунига қадар жараённи кузатиб бориши лозим. Шунда депутатнинг халқ билан ишлаши қоғоздаги ҳисобот эмас, балки инсон ҳаётида акс этадиган амалий натижага айланади.

Мулоқотда депутатлар олдига янги ва аниқ вазифалар қўйилди. Йил якунида ҳар бир депутат фаолиятига баҳо беришда, аввало, ўз сайлов округида қанча оила камбағалликдан чиқарилгани, қанча ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминлангани, қанча оила тадбиркорликка жалб этилгани каби кўрсаткичларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Бу ёндашув депутатлик фаолиятида “мурожаат – назорат – натижа” тамойилини кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, аҳоли билан учрашув ўтказиш ишнинг бошланиши. Мурожаатни ўрганиш кейинги босқич. Масалани тегишли ташкилот олдига қўйиш депутатлик назоратининг бир қисми. Энг асосийси эса фуқаронинг муаммоси ҳал этилиб, унинг ҳаётида ижобий ўзгариш юз беришидир.

– Йиғилишда депутатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масаласига ҳам эътибор қаратилди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Баҳром Жалолов. – Хусусан “қизил тоифа”га киритилган депутатларни “яшил тоифа”даги депутатларга бириктириш ва улар ўртасида тажриба алмашиш амалиётини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Бунда фаол депутатларнинг аҳоли билан ишлаш усуллари, мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш механизмлари, депутатлик сўровларидан фойдаланиш тажрибаси ҳамда сайловчилар билан доимий алоқани таъминлаш амалиёти ўрганилади. Тажриба алмашиш орқали фаолиятида камчиликлар кузатилаётган депутатларга амалий кўмак бериш, уларни халқ билан ишлашнинг самарали усулларига йўналтириш ва депутатлик фаолиятидаги тизимлиликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Мулоқотда депутатлар аҳоли бандлиги, камбағал оилаларни даромадли меҳнатга жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар бир мурожаатнинг амалий натижасига эришиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири