Депутатлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти кенгашининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти кенгашининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда партия фаоллари, кенгаш аъзолари, депутатлар, бошланғич партия ташкилоти раҳбарлари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Онлайн тартибда ўтган йиғилишда ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар хусусида тўхталиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган партиявий фаолиятнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Йиғилишда таъкидланишича, ЎзЛиДеП вилоят ташкилоти ҳисобидаги бошланғич партия ташкилотлари сони жорий йилнинг ўтган даврида 785 тага етди. Партия аъзолари сони эса 556 тага ошиб, бугунги кунда 34 минг 275 нафарни ташкил этмоқда. Партия сафига 846 нафар янги аъзолар қабул қилинди.
Маҳаллий кенгаш депутатларининг фаолияти ҳам анча жонланди. Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан ижро органлари мансабдор шахсларига жами 226 та депутатлик сўровлари юборилган. Сўровларнинг 98 таси айнан вилоят Кенгаши депутатлари томонидан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари эътиборига ҳавола этилган.
Депутатлик гуруҳлари йиғилишларида 131 та муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, доимий комиссиялар мажлисларига 56 та, маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига эса 40 та масала киритилган. Ечимини кутиб қолган муаммолар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Бугунги кунда халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш ҳар бир раҳбар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Ушбу ҳаётий ҳақиқатга халқ ноиблари ва партия фаоллари амал қилаётир. Жойларда аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган учрашувлар ўз самарасини бермоқда. Фуқароларнинг кўплаб масалалар бўйича мутасаддиларга мурожаатлари ижобий ҳал этилаётир.
Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, уй-жой, коммунал хўжалиги, бандлик ва бошқа бир қатор муаммоларнинг аксарияти ўз жойида ҳал бўлмоқда. Биргина кейинги пайтда маҳаллий кенгаш депутатлари жойларда аҳоли вакиллари ва сайловчилар билан 611 маротаба учрашувлар ўтказиб, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги 594 та муаммонинг 551 таси бевосита халқ ноиблари ва алоқадор ташкилотлар раҳбарлари саъй-ҳаракати билан ҳал этиб берилди.
Ўтган давр ичида вилоят партия ташкилоти томонидан пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда Сиёсий таълим маркази фаолиятини яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда. Янги сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари етакчиларини қамраб олган ҳолда бевосита ва онлайн тарзида ўтказилган 30 га яқин тадбир ва ўқув машғулотларида 1 минг 662 нафар маслакдошлар қатнашди. Тадбирлар доирасида партия сафига 430 нафар янги аъзолар қабул қилинди.
Вилоят партия ташкилоти ҳисобидаги ЎзЛиДеП аъзоларининг 16 минг 15 нафари навқирон авлод вакилларидан иборат. “Ёшлар қаноти” томонидан улар билан ишлашга эътибор бериб келиняпти. Фаол ёшлар сафи вақт ўтган сайин кенгайиб бормоқда. Биргина 2019 йилда халқ депутатлари вилоят ва туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига эса 10 нафар навқирон авлод вакилларининг сайланганлиги бунинг исботидир. Жойлардаги 785 та бошланғич партия ташкилотининг 151 тасига 35 ёшгача бўлган етакчилар раҳбарлик қилмоқда.
ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” фаолиятида ҳам кейинги пайтда ижобий силжиш кузатилмоқда. “Бунёдкор оила”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” , “Фаровон оила”, “Ишбилармон аёл” сингари йирик партиявий лойиҳаларнинг вилоят миқёсидаги ижроси таъминлаб келинаётир. Биргина “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳасига мувофиқ ташкил этилган 184 та тадбирда ўз бизнесини бошлаш арафасида турган 1 минг 980 нафар хотин – қиз қамраб олинган.
– Депутатлар чекка ҳудудлар ва қишлоқ жойларидаги таълим – тарбия жараёнига алоҳида эътибор қаратса нур устига нур бўларди, – дейди Ғиждувондаги “Ғиждувон Машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Замира Сафарова.
– Онлайн шаклда ўтказиб келинаётган дарс машғулотларида аксарият қишлоқ ёшларининг иштирок этиш имконияти йўқ. Халқ ноиблари ўз сайлов округларида ана шу муҳим масалага ойдинлик киритишлари, ўз ваколатлари доирасидаги сайъ–ҳаракатлари билан ушбу муаммони ҳал этишга амалий таъсир ўтказишлари зарур.
– Камбағалликни қисқартиришда аҳолининг томорқадан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш муҳим ўрин тутади, – дейди “Тадбиркор аёл” Республика ишбилармон аёллар Ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Дилбар Ахмедова.
– Бундан бирмунча вақт олдин Жаҳон банки мутасадди ва масъуллари томонидан айнан шу мавзуда Бухорода ўтказилган республика семинарининг мантиқий давоми сифатида яқин кунларда Жондор, Когон, Пешкў, Бухоро ва Ромитан туманларида худди шундай семинарларни ташкил этиш режалаштирилган. Мана шу тадбирларни амалга оширишда партия фаоллари қатнашса ўзининг билими, тажрибасини оммалаштирса мақсадга мувофиқ бўлади.
Партия вилоят кенгаши ҳисобот йиғилишида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
