Депутатлар аҳолига кўмакчи бўлмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Бафоев Бухоро вилояти Ғиждувон туманида сайловчилар билан учрашувлари доирасида ҳудуддаги бир қатор таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш субъектларини ўрганди.
Туман ихтисослаштирилган мактабида зиё маскани, замонавий синф хоналар, сифатли мебел маҳсулотлари билан жиҳозланаётган шинам ётоқхона ва ошхона ўқувчи-ёшлар ихтиёрида.
Депутат ушбу таълим муассасасида бўлганида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Дарс машғулотларининг боришини кузатди. Ўқувчи- ёшлар ва уларнинг устозлари билан суҳбатда бўлди.

Давлат -хусусий шерикчилик асосида туманда барпо этилаётган мактабгача таълим ташкилоти депутат Ш.Бафоевнинг навбатдаги манзили бўлди. Ҳар томонлама пишиқ-пухта ишлаб чиқилган, замонавий андозалар асосида барпо этилаётган ушбу мактабгача таълим ташкилоти 240 нафар мактабгача ёшдаги кичкинтойни қамраб олиш имкониятига эга бўлади.
Маҳаллий Кенгаш депутати Замира Сафарова саъй-ҳаракати билан барпо этилаётган ушбу объектнинг яқин орада фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, З.Сафарова ташаббуси билан тумандаги “Эркин иқтисодий зона” ҳудудида барпо этилган мармар плиталар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти фаолияти ҳам депутат Ш.Бафоев томонидан кўздан кечирилганда, бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан 30 нафари иш билан таъминланган экан. Корхона цехларида ишлаб чиқарилаётган мармар панеллар эндиликда бир қатор давлатларга, шунингдек, Франция ва Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда.

Мухтасар айтганда, хитойлик ҳамкорлар билан олиб борилаётган фаолият ўз самарасини бермоқда.
Депутат Ш.Бафоев барча учрашувлари давомида амалдаги қонунчиликка кейинги пайтда киритилган ўзгартиришлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мулк дахлсизлигини таъминлашга оид Президент фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича батафсил сўз юритиб, ҳудудлардаги ечимини кутиб қолган мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ тавсиялар берди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири