Депутатлар аҳоли муаммоларини ўрганмоқда
Депутатлар Урганч шаҳри, Хонқа ва Шовот туманларида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ҳамда бу соҳада янгидан барпо этилаётган сув тақсимлаш иншоотлари ҳолатини ўрганди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари томонидан Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини Хоразм вилояти мисолида ўрганиш доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Депутатлар Урганч шаҳри, Хонқа ва Шовот туманларида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ҳамда бу соҳада янгидан барпо этилаётган сув тақсимлаш иншоотлари ҳолатини ўрганди. Шунингдек, улар ушбу сув тақсимлаш иншооти хизмат кўрсатаётган ҳудудларда бўлиб, одамларни қийнаётган бошқа ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, экология, бандлик, ёшлар, хотин-қизлар, таълим-тарбия масалаларига доир муаммолар бўйича мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалий ёрдам чора-тадбирларини кўриб чиқди.

Тадбир доирасида ҳудуддаги олий таълим муассасаларида ўтказилган ёшлар билан учрашувларда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган ва кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари, қонун ижодкорлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
