Депутат ташаббуси билан рейд уюштирилди
Бугун бутун дунё аҳолисини экологик муаммолар ташвишга солмоқда. Сабаби, табиат издан чиққан: сувлар ифлосланмоқда, дарахтларнинг кесилиши оқибатида яшиллик камаймоқда, ёқилаётган чиқиндилар эса ҳавога заҳарли моддаларни тарқатмоқда.
Албатта, бундай муаммоларнинг келиб чиқишига, энг аввало, инсонларнинг ўзи сабабчи. Табиатга нисбатан ҳурматсизлик қилган жамиятга табиат ҳам шундай жавоб қайтармоқда. Аммо уни қутқариш учун ҳали ҳам кеч эмас. Масалан, шахсий автомобилда кетар эканмиз, бўшаган сув баклажкаларини кўчага ташламаслик, сувни кераксиз пайтда очиб қўймаслик, йўлакларга туфламаслик – ана шу кичик одатларни қилмаслик катта ўзгаришларга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига 21-Ғубдин сайлов округидан сайланган депутат Носир Ҳалимов ўз сайловчилари билан учрашганда Қарши тумани Гулистон маҳалласидаги 26-мактабда аҳоли томонидан чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланаётгани ҳақида мурожаат қилинди.

Мурожаатлар асосида депутат Носир Ҳалимов, туман партия ташкилоти раиси, маҳалла фаоллари ҳамда фуқаролар иштирокида экологик рейд ташкил этилди ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Ўрганиш жараёнида йўл бўйлари, ариқ ва зовурлар кўздан кечирилди. Шу пайтда айрим фуқароларнинг йўл бўйига маиший чиқиндиларни ташламоқчи бўлган ҳолати аниқланди. Уларга чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш жаримага сабаб бўлиши ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши тушунтирилди. Фуқаролар қатъий огоҳлантирилиб, чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга ташлаш шартлиги эслатиб ўтилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА