Депутат тўйга бош-қош бўлади
Меҳр-оқибат, хайр-саховат, кўмак, ҳашар каби бизни азалий удумларимиз, ўзига хос қадриятларимиз борки булар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Меҳр-оқибат, хайр-саховат, кўмак, ҳашар каби бизни азалий удумларимиз, ўзига хос қадриятларимиз борки булар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида ижтимоий муҳофазага муҳтож, тўю-томошаларни кам чиқимли тарзда ўтказиб, ортиб қолган маблағга ёшларни келажаги учун, уларнинг моддий турмуш шароитини яхшилаш учун сарфлаш энг мақбул ва оқилона йўл эканлигини таъкидлаш ўринлидир.
Қашқадарё вилояти Китоб туманидан Халқ депутатлари вилоят кенгашига Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан сайланган депутат Муаббара Ҳакимова ўзи сайланган ҳудудлар – “Боғбон”, “Бектемир”, “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб кам таъминланган, эҳтиёжманд боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олди.

Депутат “Очамайли” қишлоғида истиқомат қилувчи ногирон онахон Назокат Султонова хонадонида бўлиб, у кишининг яшаш шароити билан танишди. Қизи ҳам ногирон, аммо ўғли Асқарбек бақувват, соғлом эканлиги, у оилани иқтисодий таъминлаш учун ёлланма ишларга чиқиши, ишда бўлган вақтида эса эс-ҳуши онаси ва опасида бўлишидан хабардор бўлди. Шунда депутат, Асқарбек бир инсофли, диёнатли, ҳунарманд қизни топиб уйлантириб қўйилсагина хотиржам ишлаши ва иш унуми юқори бўлиши, бир оила камбағалликдан чиқиб кетиши мумкинлигини айтиб таклиф берди.
Яъни қўни-қўшни ва маҳалла маслаҳатчисига Асқарбекни кўнглига ёқадиган қиз топиб, менга билдирсангиз тўйга ўзим бош бўламан деб илтимос қилди. Орадан икки ҳафта ўтгач маслаҳатчи Зарифа опа қўнғироқ қилиб тикувчи қиз топилганини ва у Асқарбекка ёққанини, ёшлар турмуш қуришга аҳд қилганлигини билдирди.
М.Ҳакимова фарзандининг тўйи тараддудида юрган онахонга кўмак бериб, унинг ёнида турмоқда. Асқаржонни тўйига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Улар томонидан келин учун бетакрор, чиройли либослар, қимматбаҳо газламалардан иборат сеп, кўрпа-тушаклар тайёрланди.
Ташаббус сабаб Асқарбекни тўйини карантин талабларига мос кам чиқим қилиб ўтказиб берувчи саховатли ҳомий ҳам топилди. Карантиндан сўнг тўй депутат бошчилигида ўтказиладиган бўлди.
Доно халқимизда “Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиши даркор” деган пурҳикмат ибора бор. Юртимиз бағрикенг, саҳоватпеша, савоб талаб инсонларга бой. Ана шундай савобли, хайрли ишларимиз кўпаяверсин. Ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга бахт тилаб, кўмак бериб, хайриҳоҳ бўладиган ишларимиз бардавом бўлсин.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси
вилоят кенгаши матбуот котиби