Депутат муаммоларни жойида ҳал этди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров Олот туманидаги ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли муаммоларини ўрганди.
Дастлаб туман кенгашидаги Ўзбекистон миллий тикланиш демократик партияси гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Туман аҳолисини қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар юзасидан суҳбатлашилди.

– Соғлигим ёмонлашганлиги сабабли даволаниш учун зарур бўлган маблағда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди "Шейхлар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, II гуруҳ ногирони Ариф Умуров. – Муаммо жойида ижобий ҳал этилди. Масала ечимида сектор раҳбари жалб этилди. Бундан жуда ҳам хурсандман. Соғлигимни тиклаш учун моддий ва маънавий ёрдам берилди.

Депутат билан "Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 30-қишлоқ оилавий поликлиникасида бўлиб ўтган учрашув мунозараларга бой ўтди. Ўрганишлар жараёнида поликлиникада аҳоли учун яратилган шароит мутлақо санитария-гигиена талабларига мос келмаслиги, таъмирталаб ҳолатда бўлган мазкур тиббиёт масканида тор доирадаги мутахасиссларнинг иш жадвали тўлиқ шакллантирилмаганлиги қайд этилди. Муолажа хоналаридаги тиббиёт воситаларининг очиқ ҳолатда сақланаётгани каби муаммолар аниқланди.

Мазкур поликлиника "Ўзбекистон"," Қиртай", Қўл-човдир" ва "Қирлишон" маҳаллалари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Назир Собиров томонидан поликлиника мудири қаттиқ огоҳлантирилди. Камчиликларни зудлик билан бартараф этиш топшириғи берилди. Депутат назоратида бўлган ушбу топшириқ муассаса раҳбари томонидан зудлик билан бартараф этилди. Мазкур оилавий поликлиника 2021 йилда янгитдан қурилиши белгиланган.

"Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат жараёнида мазкур поликлиника мутахассислари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатидан аҳолининг норозилиги маълум қилинди. Шунингдек, суюлтирилган газ баллонлари ҳам вақтида етказиб берилмаслиги таъкидланди. Аҳоли хонадонлари мунтазам харид қилинадиган ўтинлар орқали иситилиши айтилди. Туман Сувоқава ташкилоти томонидан ҳар 10 кунда келтириладиган тоза ичимлик сувининг вақтида етказиб берилмаслиги каби кўплаб масалалар аҳоли томонидан билдирилди.
Депутат Н.Собиров тегишли мутасаддилар билан боғланиб, мазкур мурожаатлар ҳал этиладиган бўлди. Учрашувлар "Қумкашон" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи тадбиркор хонадонида давом этди.
–Томорқамнинг 8 сотихини иссиқхонага ажратганман, –дейди Комил Авлиёқулов. – 80 туп лимон, мандарин ва апельсин кўчатлари билан бир қаторда оила эҳтиёжи учун зарур бўлган полиз экинларини ҳам экиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганман. Оила аъзоларим бандлигини таъминлаш орқали рўзғоримнинг иқтисодий таъминотини яхшилаяпман.
Ушбу тадбиркорлик ишини оммалаштириш, маҳалладошларида ҳам қизиқиш уйғотиш, ҳар бир оила тадбиркорлигига эришиш, муҳими одамларда боқимандалик кайфиятини йўқотиш лозимлиги борасида кенг тушунчалар берилди. Аҳоли вакиллари билан ўтказилган ҳар бир учрашувда шу каби масалаларда ҳам тарғиботлар олиб борилди.
Зариф Комилов,ЎзА