Депутат маҳалла ва мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини ўрганди
Мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили олдидан халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати Г.Байжанова томонидан сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий масалалар, аҳоли билан ишлаш ҳолати ҳамда таълим муассасасининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ўрганилди.
Депутат дастлаб “Обод макон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди. Ўрганиш давомида маҳаллада аҳоли билан ишлаш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, хонадонларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга йўналтириш, муаммоли оилаларга амалий кўмак кўрсатиш, ёшлар ва хотин-қизлар билан тизимли ишлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Депутат “маҳалла еттилиги” аъзолари билан мулоқот жараёнида ҳудудда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашди. Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлаш ва ижтимоий масалаларни манзилли ҳал этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шундан сўнг депутат сайлов округи ҳудудидаги 37-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди.
Ўрганиш жараёнида таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, педагоглар фаолияти, мактабнинг моддий-техник базаси ҳамда синф хоналарининг ҳолати кўздан кечирилди.Шу билан бирга, мактабнинг 2026–2027 ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ҳам атрофлича ўрганилди. Мактаб биноси, синф хоналари, спорт зали, кутубхона, ошхона ва бошқа ўқув хоналарнинг янги ўқув йилига тайёрлиги кўздан кечирилди.
Таълим муассасасида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг ҳолати, ўқув жиҳозлари билан таъминланганлик даражаси, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, ўқувчилар учун хавфсиз ва қулай таълим муҳитини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, таълим сифатини янада ошириш ҳамда мактабни янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш учун тўлиқ тайёр ҳолатга келтириш бўйича масъулларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири