Депутат кўмагида муаммолар ҳал этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда.
Ўзбекистон тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДЕП томонидан Олий Мажлис депутатлигига сайланган Тоҳиржон Аҳмадалиев Улуғнор туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури ижроси ва бошқа масалалар бўйича одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрди.

Дастлаб, депутат Улуғнор тумани Сариқсув маҳалласида тадбиркор Ш. Шерматов томонидан барпо этилаётган, лойиҳа қиймати 78 миллиард сўмга тенг “Улуғнор файз текстил” масъулияти чекланган жамияти қурилиши жараёни билан танишди. Асосан, ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона тўла қувват билан иш бошлагач, 300 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Шундан сўнг туманнинг Фаровон маҳалласида лойиҳа қиймати 3 миллион долларга тенг, мингта янги иш ўрни яратилиши кутилаётган “Водий саноат фахри” масъулияти чекланган жамияти қурилиши билан танишди.

Шунингдек, ўрганиш давомида Янгиобод маҳалласидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Барака чеварлари” масъулияти чекланган жамияти ҳамда ипни қайта ишлайдиган “Карстан фидер” корхонаси фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати билан танишди. Мазкур корхона йилига 1 минг 100 тонна маҳсулот ишлаб чиқаради. Жорий йилнинг биринчи чорагида 65 минг доллорлик корхона маҳсулоти хорижий давлатларига экспорт қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида депутат Шаҳриобод маҳалласи ҳудудида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги қурилаётган 80 та хонадондан иборат иккита кўп қаватли уй-жой қурилиши жараёни билан танишди. Туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда барпо этилаётган мазкур кўп қаватли уйлар ахолини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, маҳалла қиёфасини янада гўзал бўлишига хизмат қилади.
Аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича Оқ том маҳалласида фаолият олиб бораётган касб-ҳунарга ўргатиш маркази фаолияти билан танишди. Мазкур марказда чеварлик, пазандалик, аёллар сартароши, уй ҳамширалиги, компьютер оператори, кексалар ва ёлғиз қарияларни парваришлаш каби йўналишларда ўқув хоналари ташкил этилган бўлиб, айни кунда бу ерда 75 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

– Ўрганиш, учрашув ва мулоқотларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар пухта ўрганилди, – дейди Тоҳиржон Аҳмадалиев. – Фуқароларнинг ишга жойлашиш, кредит олиш, уй-жой масаласи, ички йўлларни таъмирлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва бошқа қатор масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Учрашув ва мулоқотларда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга Олий Мажлис депутати ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари атрофлича жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА