Депутат кўмагида 4 нафар фуқаро ишли бўлди
Халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Артур Ибайдуллаев кўмаги билан ҳудуддаги 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
– Мен ва оилам бугун жуда хурсандмиз,– дейди тумандаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёшлардан бири Д.Хайтбаев. – Ўзимиз овоз берган депутат томонидан "Кўприк қурилиш" трести давлат унитар корхонаси 14-сонли кўприк қуриш отрядига ишга қабул қилиндим.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва, айниқса, “Ёшлар дафтари”нинг жорий этилиши ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида “Темир дафтар”га 1 минг 777 нафар, “Аёллар дафтари”га 1 минг 87 нафар ва “Ёшлар дафтари”га 1 минг 426 нафар фуқаро киритилган. Ҳозирги кунда 128 нафар “Темир дафтари” ва 836 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқарога кўмаклашилди.
Тахиатош тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими берган маълумотларга кўра, юқорида қайд этилганларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгаши депутатларининг OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Депутат маҳаллада – муаммолар ечими сари” лойиҳаси доирасида ўзлари сайланган ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмаси ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича “маҳаллабай” ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,ЎзА