Депутат ҳунармандлар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Жолдасова Чимбой тумани Бердақ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ҳунарманд Миваш Тореназарова хонадонида бўлиб, унинг иш жараёни билан танишди.
Ҳунарманд ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз уйида қорақалпоқ халқининг миллий қора уй безакларини тайёрлаш билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги кунда ҳунарманд иш фаолиятини кенгайтириб, “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттирган ҳолда, ўз ҳунарини туман ёшларига ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаб келмоқда.

Шунингдек, депутат тумандаги “Темир йўл гузари” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи уйчи уста Саламат Қобланбаевнинг устахонасида бўлиб, ҳунарманд билан қорақалпоқ халқининг миллий қора уйини қуриш жараёни, унда фойдаланиладиган экологик жиҳатдан тоза маҳсулотлар, авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган уйчилик ҳунари ҳамда ушбу бебаҳо санъатнинг бугунги кунгача етиб келиши ҳақида суҳбатлашди.
Учрашувлар давомида депутат томонидан бугунги кунда миллий меросни асраб-авайлаш, ёш авлодни бандликка йўналтириш ҳамда уларни ҳунарли қилишда маҳаллий ҳунармандларнинг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири