Депутат аралашуви билан муаммога амалий ечим топилди
Аҳолининг ҳақли эътирозлари ва мурожаатларини ўз вақтида ўрганиб, уларга манзилли ҳамда амалий ечим топиш давлат органлари ва халқ вакиллари фаолиятининг бош мезонига айланмоқда.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Шар-шар боғот” маҳалласи аҳолисидан ҳудудда жойлашган тошни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан бир неча бор мурожаатлар келиб тушган эди.
Хусусан, корхонага қатновчи оғир юк машиналарининг аҳоли яшайдиган ички кўчалар орқали ҳаракатланиши, тик кўтарилишларда хавфли вазиятларни келтириб чиқариши ва атрофдаги хонадонларга таҳдид солиши фуқароларнинг хавотирига сабаб бўлаётган эди. Бундан ташқари, оғир техникалар ҳаракати натижасида пайдо бўлаётган кучли чанг ва шовқин ҳам аҳоли турмуш тарзига жиддий ноқулайлик туғдириб келган.

Ушбу масала бўйича олинган мурожаатларни атрофлича ва чуқур ўрганиш, муаммони бевосита жойида бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наргиза Саломова ҳудудга ташриф буюрди.
Депутат томонидан Яккабоғ тумани ҳокими ҳамда соҳага масъул мутасаддилар иштирокида “Шар-шар боғот” маҳалласида аҳоли ва тадбиркор билан бевосита мулоқот ўтказилди. Муаммонинг келиб чиқиш омиллари, ҳудуднинг инфратузилмавий имкониятлари ва ҳар икки томоннинг манфаатлари атрофлича таҳлил қилинди.


Музокаралар ва жойида ўтказилган ўрганишлар натижасида масалага оқилона ва амалий ечим топилди. Келишувга кўра, эндиликда заводга қатновчи оғир юк машиналарининг аҳоли яшаш ҳудудлари орқали ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. Техникалар ҳаракати учун аҳоли хонадонларидан холи бўлган ҳудудда мутлақо янги йўл барпо этилади.
Янги йўл қурилиши учун зарур рухсатнома ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш туман ҳокимлиги томонидан таъминланади. Йўл қурилиши билан боғлиқ барча молиявий харажатлар эса тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган бўлди.

Қабул қилинган ушбу мақбул қарор маҳалла аҳли томонидан катта мамнуният билан кути олинди. Ушбу чора-тадбирлар аҳоли хавфсизлигини ишончли таъминлаш, экологик ва маиший ноқулайликларга барҳам бериш билан бир қаторда, ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ҳам хавфсиз давом эттириш имконини беради.
Фуқароларнинг ҳақли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш, уларнинг хавфсиз ва муносиб турмуш кечиришини таъминлаш депутатлик фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолади.
ЎзА