Кучли таъсир қилувчи дори воситалари инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли уларни сотиш, тарқатиш тақиқланади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари ходимлари кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланувчиларга қарши мунтазам равишда курашмоқда.
Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.Х. 84 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро М.М.га 3,3 миллион сўмга сотган вақтда ушланди. Унинг ёнидан ўтказиш мақсадида олиб келинган 738 дона “Регапен”, 176 дона “Селофен” ва 16 дона “Тропикамид” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Р.М. 45 дона “Регапен” ва 8 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини фуқаро Ф.А.га 5 миллион сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Сергели тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Z.F.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона сотувчиси Ш.Р. фуқаро Д.А.га тўрт дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 200 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Унинг ёнидан ўтказиш мақсадида олиб келинган жами 89 дона оқ ва қизил капсуладаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби “H.F.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона сотувчиси Х.А. тўрт дона “Зардекс” номли дори воситасини 200 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан жами 22 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департамент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур моддада назарда тутилган жиноятларни содир этган шахслар, яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларни бузиш, агар бу эҳтиётсизлик орқасида уларнинг ўғирланишига ёки бошқа тарзда жиддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА