Деновлик талабалар илм излаб, дунё кезади
Сурхондарё вилояти ўтмишдан илм-фан ўчоғи сифатида шуҳрат қозонган. Бу юртда камол топган буюк мутафаккир олимлар диний ва дунёвий илмларни ривожлантириб, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган.
Мамлакатимиз таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билимга ташна йигит-қизларнинг ўзлари қизиққан соҳаларини чуқур ўрганиши учун барча шароитни яратди. Юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам замонавий усулда жиҳозланган янги олий таълим муассасалари очилиб, турли мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Ёшлар дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида илм излаб, фан сирларини мукаммал ўрганиши, ўтмишдаги буюк аждодлари анъаналарини давом эттириши учун қулай муҳит, кенг имконият яратди. Бундан оқилона фойдаланаётган Денов тадбиркорлик ва педагогика институти битирувчилари ҳам сайёрамизнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиб, улуғ аждодларига муносиб авлод бўлишга интилмоқда. Институтнинг 14 нафар битирувчиси жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари магистратура босқичига грант асосида ўқишга қабул қилингани бунга яққол далилдир.

Жорий йил ташкил этилганига беш йил тўлган Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ўтган қисқа даврда халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун олти мингдан ортиқ мутахассис тайёрлаб, катта ҳаётга йўлланма берди. Бу йил институтни 18 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1 минг 893, 8 та магистратура мутахассислиги бўйича 37 нафар йигит-қиз тугатмоқда. Битирувчиларнинг бир нафари Президент стипендияси, ўн нафари номдор стипендиялар совриндори. 19 нафари ректор стипендиясига сазовор бўлган.

– Буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан чуқур билим ва тафаккурга эга олий маълумотли кадрлар тайёрлашга кўрсатилаётган ғамхўрликлар намунасидир, – дейди институт ректори Ойбек Рўзиев. – Талабаларнинг институтда ўқиб, изланиши, дунё ўғил-қизлари бир сафда янгилик яратиши учун барча шароит мавжуд. Замонавий ахборот-ресурс маркази, ўқув лабораториялари, спорт иншоотлари талабаларимиз хизматида. Шу йил барча қулайликларга эга “Карьера маркази” фойдаланишга топширилди. Бу масканда талабаларимиз нафақат қўшимча илм-фан сирларини эгаллаши, балки касб-ҳунар ўрганиши ҳам мумкин. Спорт иншоотларида мунтазам шуғулланаётган битирувчиларимизнинг 14 нафари республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларида ғолиб бўлди. 521 нафари турли даражадаги хорижий тил сертификатларини қўлга киритди. Янгиланаётган Ўзбекистонга муносиб кадрлар бўлиш орзуси билан тинмай ўқиб, ўрганаётган талабаларимизга иш берувчиларда ҳам катта қизиқиш пайдо бўлмоқда.

Институтдан олинган маълумотларга кўра, шу йил олий ўқув даргоҳини тугатаётган йигит-қизларнинг 782 нафари вилоятдаги турли тармоқларга ишга қабул қилинди. 900 дан ошиқ битирувчи ишга жойлашиш учун уч томонлама шартномага эга бўлди. Институтда ташкил этилган “Келажакка қадам” марказига мурожаат этган битирувчилардан 43 нафари имтиёзли кредит олиб ўз бизнесини бошлади. Яна 68 нафарига яқин кунларда имтиёзли кредит ажратилади. Юздан ортиғи магистратура мутахассислиги бўйича ўқишини давом эттиради.

Институтда магистр даражасини олиб, илмий иш қилишга, илм-фан оламида янгилик яратишга иштиёқи кучли талабаларнинг бир қисми жаҳондаги энг нуфузли олий таълим муассасаларига интилаётгани эътиборга сазовор бўлмоқда. Масалан, филология факультети “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” таълим йўналиши битирувчилари – Мастона Айматова ҳамда Олимжон Раимов ТОП-1000 университетлар рейтингида 574-ўринни эгаллаб турган Жанубий Кореянинг Gachon университети “Инглиз тили ва адабиёти” магистратура мутахассислигида грант асосида таҳсил олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Филология факультетининг “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” таълим йўналиши битирувчиси Жамшид Тиловмуродов Италия Республикасининг дунё рейтингида нуфузли ТОП-1000 таликка кирувчи Missina университети магистратура босқичида грант асосида ўқийдиган бўлди. Тадбиркорлик ва бошқарув факультети “Иқтисодиёт” таълим йўналиши битирувчиси Жамшид Омонкелдиев дунё рейтингида ТОП-500 таликка кирувчи Жанубий Кореянинг Sejong университети “Big Data va Sun’iy intellekt” (Big Data AI) магистратура мутахассислигига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Филология факультети “Ўзга тилли гуруҳларда рус тили” таълим йўналишининг ўн нафар битирувчиси Россия Федерациясининг Н.А.Добролюбов номидаги Нижегород давлат лингвистика университети магистратура босқичига грант асосида ўқишга қабул қилинди.

– Қадимда Чағаниён номи билан машҳур бўлган ҳозирги Денов тумани илм-фан, маданият ривожланган ҳудуд саналган, – дейди битирувчи Жамшид Тилавмуродов. – Эндиликда Денов ана шу шуҳратини қайта тиклаши учун барча шароит яратилиб, замонавий олий таълим муассасаси илмга чанқоқ ёшларни ўз бағрига олмоқда. Бу йил шу даргоҳни тугатяпман. Келажакда илм-фан билан шуғулланиш орзуим бор эди. Бунинг учун хорижда таълим олишга аҳд қилдим. Италиянинг дунё рейтингида нуфузли ТОП-1000 таликка кирувчи Missina университети магистратура босқичида грант асосида ўқишга кирдим. Бунда институтда олган билимларим жуда қўл келди. Биз ёшларнинг ўқиб, изланишимиз, жаҳоннинг энг машҳур олий таълим муассасаларида таълимни давом эттиришимиз учун барча шароитларни яратган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.


Институт битирувчиларида ўқишни хорижда давом эттиришга катта қизиқиш билдирилаётгани бу даргоҳда таълим сифатини, институт битирувчиларининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилаётган юксак эътибор, хорижий тилларни чуқур ўргатиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири