Деновда сохта тадбиркор қўлга тушди
Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлими ходимлари тумандаги Боғиэрам маҳалласида яшовчи Соҳиб Бобоев (исм-шариф ўзгартирилди) хонадонида қўлбола оҳак цехини қуриб, маҳсулот ишлаб чиқараётганини фош этди.
Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлими ходимлари тумандаги Боғиэрам маҳалласида яшовчи Соҳиб Бобоев (исм-шариф ўзгартирилди) хонадонида қўлбола оҳак цехини қуриб, маҳсулот ишлаб чиқараётганини фош этди.
Ҳуқуқбузар умумий фойдаланишдаги ер устидан ўтган табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3 дона қўлбола қозон ҳамда 4 дона қўлбола усулда тайёрланган горелка ёрдамида оҳак маҳсулоти тайёрлаб, 22,5 миллион сўмлик табиий газни ноқонуний истеъмол қилгани ва туман газ тармоқлари корхонаси манфаатига моддий зарар етказгани аниқланди.
– Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан қонуний шуғулланиш учун барча имконият яратилган, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бўлими катта инспектори Қ.Турсунов. –Афсуски, ҳали ҳам айрим қўштирноқ ичидаги “тадбиркор”лар кўпроқ даромад қилиш илинжида ноқонуний йўлларни танлаётгани сир эмас. Бундай қонунбузарлар ўз вақтида аниқланиб, уларга тегишли чора кўрилаётир. Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузар зарарни тўлиқ қоплаб бергани сабабли унга нисбатан Жиноят Процессуал Кодексининг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилди.
Воҳада бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан назорат тадбирлари давом этмоқда.