Йўл-йўлакай
Гап шундаки, бундан бир ойча олдин Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги денгиз сатҳидан қарийб уч минг метр баландликда, тоғ бағрида жойлашган сўлим табиатли Деновбола қишлоғи ва у қишлоқнинг серсув олмалари хусусида мақола ёзиш учун ушбу манзилга боргандик. Мақолани тайёрлаш асносида қишлоқ одамлари ҳудуддаги электр таъминоти муаммолари ҳақида ҳам айтиб қолишди. Йўл-йўлакай бу муаммони ҳам ўрганиб, одамларнинг фикрларини тинглаб, қишлоқ айланиб, вазиятни кўздан кечиргандик.
– Ўтган асрнинг 80-йилларида қишлоғимизга электр симлари тортиб келинган, – дейди шу қишлоқлик фахрий Мурод Мухторов. – Ўшанда бу ерда бор- йўғи 20 та хўжалик яшаган. Битта трансформатор ва 25 тача устун ўрнатилган. Албатта, ўша пайтдаги мавжуд эҳтиёжга бу етиб- ортган. Аммо йиллар давомида аҳоли кўпайган, хўжаликлар сони ортган. Ҳозир 260 га яқин хўжалик бор қишлоқда. Аммо электр таъминотида ўзгаришлар йўқ. Ўтган йиллар давомида қўшимча яна битта трансфортматор олиб келиб ўрнатилди, холос. Лекин янги хўжаликларга одамлар қўлбола симёғочларда ток тортиб кетишган. Ҳозир уларнинг сони 60 тадан ортиқ. Кучланиш паст. Қилинган мурожаатларимизнинг ҳеч қайсиси фойда бермаяпти.
[gallery-20328]
Қишлоқнинг паст -баланд кўчаларини айланар эканмиз, қийшайган, эгри -бугри ёғочларда симларнинг тортиб кетилганига гувоҳ бўлдик. Баъзи жойларда қўл узатса, етадиган даражада симлар осилиб ётибди.
– Қишлоғимизда 250 дан ортиқ хўжалик бор. Ҳар доим ток масаласида қийналиб келамиз, – дейди Қиёмиддин Камолов. – Туман электр корхоналарига мурожаат қилиб келамиз. Лекин фойдаси йўқ. Хабар олмайди. Қишлоқдан бир километр узоқликда тураман. Симлар узилиб, ернинг устида ётибди. Қўйларимизни ток уряпти. Шу чоққача бирорта янги столба қўйилмади. Ҳеч бўлмаса кабел беринглар, деймиз. Йўқ, дейишади. Столба бор, ўзларинг келиб олиб кетинглар, дейди. Биз қандай қилиб олиб келамиз. Ҳатто набирамни ҳам ток урди яқинда. Нима қилиш керак? Дардимизни кимга айтайлик. Айниқса, қиш қаттиқ бўлади биз томонларда. Икки метргача қор ёғади. Сим узилиб авария бўлса, ҳафталаб ётади. Чунки туман марказидан электрчилар етиб келолмайди. Йўлларни қор қоплаб қолади. Жуда қийналамиз.
Қўлбола симёғочларда ингичка симлардан фойдаланилган. Шу боис хонадонларда кучланиш жуда паст. Бирорта маиший техникани ишлата олмайди. Баъзи жойларда терак дарахтлари устун вазифасини бажариб турибди.
Одамларнинг айтишича, қиш қаттиқ келиб, қалин қор ёғади. Қиш мавсуми бошланди дегунча улама симлар узилиб кета бошлайди. Бу эса навбатдаги хавфни туғдиради. Бунинг ортидан кўплаб уй ҳайвонларини ток уради.
Энди ушбу муаммо ҳақида нега бир ой давомида мақола эълон қилмаганимизга келсак, ушбу муаммони ўрганиб, пастга тушгач, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Бахтиёр Жўраевдан изоҳ сўрагандик. Масъул узоғи билан октябр ойининг охиригача қишлоқдаги столбалар билан боғлиқ муаммони бартараф қилишга ваъда берган эди. Аммо туман масъуллари ваъдасида туришмади. Бир ойдан кўпроқ вақт ўтди ҳамки Деновбола қишлоғига на битта устун, на бир метр кабель етиб борди.
Ўшанда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари қуйидагича изоҳ берганди:
“Қишлоқдаги электр билан боғлиқ муаммони ўрганиб келганмиз. Жоуз қишлоғича столба ва линияларни алмаштирганмиз. Эскилари жойида қолган. Ўшаларни кавлаб олиб 20 тасини олиб чиқиб ўрнатамиз, кабелларини ҳам алмаштириб берамиз. Узоғи билан октябрнинг охиригача шу ишларни бажарамиз”.
Қишлоққа қиш кириб қолди. Эрта- индин ҳудудга қалин қор ҳам ёға бошлайди. Деновболаликлар эса яна ўша эски муаммолар гирдобида қолади. Масъуллар эса ҳамон муаммога панжа ортидан қарашда давом этмоқда...
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари