Мамлакатимизда аҳолининг муносиб яшаши, тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун қулай муҳит яратиш, шаҳар инфратузилмасини қишлоқ маҳаллаларига олиб кириш, ҳудудларда юқори қўшилган қийматли хизматлар кўрсатиш давлатимиз белгилаб олган муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилаётгани билан одамлар қалбига қувонч улашиб, эртанги янада фаровон ҳаётга ишонч ҳиссини мустаҳкамлааётир.
Қарорга мувофиқ жорий йил мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилиб, тубдан ривожланадиган 33 та ҳудуд сафида Сурхондарё вилоятидаги Денов тумани ҳам бор.

Денов – жанубдаги воҳанинг энг йирик тумани. 98 та маҳаллада 440 мингдан ортиқ киши яшайди.
Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори билан туманни жадал комплекс ривожлантиришга ажратилган маблағига қўшимча бу йил “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақомига эгалик қилиши учун яна 30 миллиард сўм маблағ берилмоқда. Бу маблағ эвазига туризм ва инфратузилма ривожлантирилиб, қўшимча қийматли хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Жумладан, ажратилган маблағнинг 15 миллиард 775 миллион сўми туманнинг тарихий маркази ҳисобланган Бобур маҳалласини замонавий қиёфага келтиришга сарфланади. Узоқ ўтмишдан сўзлайдиган “Саид Оталиқ” мадрасаси ва “Денов қалъаси” оралиғидаги ҳудуд туризмни ривожлантириб, шарқона хизмат кўрсатиш кўчасига айлантирилади. Туризм маркази барпо этилади.

Туну кун хизмат кўрсатадиган туризм кўчаси тарихий архитектура дизайни асосида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олади. Лойиҳада кўча бўйлаб Деновнинг қадимий архитектура қиёфаси тикланади. Мадраса ва бошқа тарихий ёдгорликлар реставрация қилинади. Теварак-атрофи ободонлаштирилиб, сайёҳлар учун замонавий ва қулай инфратузилма яратилади. Шу мақсадда “Мустақиллик” кўчасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, қадимий туманни янги қиёфада ривожлантириб, ижтимоий-иқтисодий юксалтириш учун барча манбалар ҳисобидан 213 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Бу жараёнда 8 та маҳаллада ичимлик суви тизими тубдан яхшиланиб, 12 маҳаллада электр энергияси билан таъминлаш барқарорлаштирилади. 11 маҳалланинг ички йўл ҳолати ўзгартирилиб, 4 та маҳаллада аҳоли томорқаларини суғориш тизимлари яхшиланади. Бизнес инфратузилмаси ривожлантирилиб, 1 минг 170 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилади. 3 минг 528 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти кенгайтирилади. Бу ишлар аҳолининг турмуш даражасини ошириб, туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиради.

Туманда мавжуд хомашё захираларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, саноат кооперацияси чуқурлаштирилади. Саноат зоналари қуввати кенгайтирилиб, саноатнинг ўсиш суръати таъминланади. Қишлоқ хўжалигида янги ёндашувлар орқали қўшимча қиймат занжири яратилади. Шунингдек, энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган “яшил” саноат лойиҳаларини амалга ошириш вазифалари белгиланди. Давлат идоралари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларини замонавий тежамкор ускуналар билан жиҳозлаш, жорий йилнинг 1 мартдан бир ижтимоий муассаса биносини “Ноль энергия сарфли бинолар” концепцияси асосида пилот тартибда модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, энергия сарфи юқори бўлган уй-жойларга тежамкор қурилмалар ўрнатишни рағбатлантириш, тунги ёритиш тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, энергия аудити ва техник хизмат кўрсатиш хизматларини кенгайтириш чоралари ҳам белгиланган.
Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар воҳадаги йирик туманни ҳар тарафлама юксалтириб, одамларнинг осуда, обод ва тўкин турмушини таъминлашга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири