Денис Истомин Тошкентда ўйнайди
Пойтахтимиздаги "Юнусобод" спорт мажмуасида теннис бўйича эркаклар ўртасида "Grand palace cup" халқаро турнири ўтказилмоқда.
M15 таснифидаги мазкур мусобақанинг жуфтлик баҳсларида нимчорак финал учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Унда ҳамюртимиз Максим Шин япониялик Казума Кавачи билан тандем ҳосил қилиб, 1/8 финал босқичидан муваффақиятли ўтди. Чорак финалда ҳиндистонлик Адил Калянпур ва Вишну Вардҳан билан тўқнаш келадиган бўлди.
Ушбу босқичда ёш теннисчиларимиз Раҳимбек Иброҳимов ва Бобур Мадаминов дуэти ҳам нимчорак финалда ғалабага эришиб, чорак финалда Буюк Британия вакиллари Адам Жонс ва Мэттью Саммерс жуфтлиги билан рақобатлашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, бугун жуфтлик баҳсларида тажрибали теннисчимиз Денис Истомин нейтрал теннисчи Евгений Карловский билан биргаликда 1/4 финал йўлланмаси учун ҳамюртларимиз Дамир Абдусамадов ва Амир Милушевга қарши кортга чиқади.
Яккалик баҳсларининг илк даврасида эса Раҳимбек Иброҳимов – Максим Шин, Дамир Абдусамадов – Сидҳарт Рават (Ҳиндистон) учрашувига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА