English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқонларга 75 миллион сўмгача субсидия берилади

Ўзбекистонда деҳқончилик ва томорқа ер эгалари учун қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайди.

Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди.  

Қарор асосида Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан турли молиявий ёрдамлар ва субсидиялар берилади.

Юқори даромадли маҳсулот етиштириш учун субсидия ҳар 10 та хонадонни ихтисослаштирган уста деҳқонга 2 млн. сўм, маҳалладаги хонадонларнинг 30 фоизини ихтисослаштирган уста деҳқонга 75 млн. сўмгача субсидия ажратилади.

Эски боғларни реконструкция қилиш ва янги боғ барпо этиш: сертификатга эга мевали кўчат нархининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир кўчат учун мева турига қараб 30 минг сўмдан ошмаслиги, ҳар бир ўрнатилган тиргак нархининг 50 фоизи, бироқ 70 минг сўмдан ошмаслиги, ҳар сотих ер майдонида ёмғир суви йиғиш ёки томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун 160 минг сўмгача субсидиялар берилади.

Сув таъминоти мураккаб ҳудудлар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш: томорқа ва ижара ерларини суғориш учун тик қудуқ бурғилаш ва қуввати камида 10 кВт бўлган қуёш панелини ўрнатиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ 200 млн. сўмдан ошмаган миқдорда субсидия берилади.

Қарор қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган. Шунингдек, ушбу тадбирлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни камайтиришга хизмат қилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА