“Деҳқончиликнинг боши уруғдан, уруғ сифатли бўлса, ҳосил мўл бўлади”
Бухоро вилояти Шофиркон туманида вилоят аграр тармоққа тегишли соҳа масъуллари, фермерлар иштирокида келгуси йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш мавсумини юқори тайёргарлик билан ташкил этишга бағишланган кўргазмали-амалий семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимининг шу йил 10 августдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган семинарда 2025 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос жойлаштириш, белгиланган муддатларда экиш ва парваришлаш ишларини ташкиллаштириш, бунинг учун зарур моддий-техника ресурсларини ўз вақтида тўлиқ етказиб бериш, бошоқли дон ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари манфаатдорлигини ошириш борасида сўз борди.

–Деҳқончиликнинг боши уруғдан, уруғ сифатли бўлса, ҳосил мўл бўлади, –дейди бошқарма бошлиғи А. Жаводов. –Семинар давомида уруғлик ғаллани тайёрлашга эътибор қаратиш зарурлиги, шунингдек, техникаларнинг мавсумга тайёргарлиги, ғалла майдонларига берилаётган минерал ўғитлар, сув йўларини тартибга келтириш, суғориш отрядлари ишини тўғри ташкил этиш масалалари ҳақида сўз борди. Бу борада соҳа вакилларига тегишли кўрсатмалар берилди.


Кузги бошоқли дон экинларини экиш ва етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа ресурсларнинг фермер хўжаликлари бўйича аниқ ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш, ғалла экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан туман штаби ташкил қилинади. Унда кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишни мувофиқлаштириб бориш зарурлиги айтилди. Дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш юзасидан тажрибали мутахассислардан иборат алоҳида гуруҳ тузиш, ҳудудлар, фермер хўжаликлари ва кластерлар ерлари контурлари яхлитлигини таъминлаш, экиш билан бирга фосфорли ва калийли минерал ўғит захирасини тўлиқ яратиш, шунингдек, ғўза қатор орасига кузги ғалла экишни мақбул муддатларда ўтказиш мақсадида пахта терим отряди билан ғалла экиш отряди ишларини уйғунлашган ҳолда ташкил этиш вазифаси юкланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири