
Камбағалликдан фаровонлик сари
Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик ривожланиб, оилавий бюджетга қўшимча даромад келтирмоқда. Жумладан, Шўрчи туманидаги Какан маҳалласида ҳам қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик ҳудуднинг асосий “драйвери”га айланмоқда.

Маҳалладаги 786 хонадонда 4 минг 653 киши истиқомат қилади. Аҳоли вакиллари томорқалардан унумли фойдаланиш билан бирга, чорва моллари парваришини ҳам йўлга қўйган. Туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси Муҳаммад Шойқулов кўмаги билан ўтган йили деҳқончиликни ривожлантириш ва иссиқхона барпо этиш учун 33 оилага кредит маблағи ажратилди. Ҳозир элликка яқин оиладаги ихчам иссиқхонада турли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда.

– Халқимиз меҳнаткаш, янгиликка интилувчан. Бирон ғоя берсангиз қўллаб-қувватлайди. Масалан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси доирасида қўзиқорин етиштиришни таклиф қилган эдик. Таклифга бешта оила қизиқиш билдирди. Ҳозир улар қўзиқориннинг “вешенка” навини парваришламоқда, – дейди Муҳаммад Шойқулов. – Қўзиқориннинг бу нави жуда фойдали ва оқсилга бой бўлиб, бир ойда ҳосилга киради. Қўзиқорин уруғлари ўртача 10-12 килограммгача ҳосил беради. Яна бир афзаллиги шундаки, уни йилнинг исталган фаслида етиштириб, даромад олса бўлади.

– Турмуш ўртоғим билан бирга мавсумий далада ишлаймиз, – дейди Какан маҳалласидан Насиба Эшонқулова. – Икки фарзандимизни уйли-жойли қилдик. Деҳқончилик ортидан рўзғоримиз обод бўлмоқда. Имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб беришди. Томорқамизда картошка, иссиқхонамизда турли кўкат етиштиряпмиз. Оиламизга бириктирилган вакиллар 50 дона махсус озуқабоп қопга жойлаштирилган қўзиқорин олиб келишди. Уни ҳам эътибор билан парваришлаяпмиз.

Маҳалла томорқаларида етиштирилаётган картошка, помидор, бодринг, сархил кўкат ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, парваришланаётган чорва моллари қишин-ёзин бозорлар тўкинлигини, томорқа ер эгаларининг фаровон ҳаёти ва файзли турмушини таъминлаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири