Деҳқон бозорларида жамоатчилик назорати
ЎзЛиДеП Хатирчи туман Кенгаши ташаббуси билан Халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, мутассади ташкилотлар масъулларидан тузилган Ишчи гуруҳ вакиллари туманидаги Марказий деҳқон бозорида бўлиб, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш, мавсум учун озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари яратилганлиги ҳолати жамоатчилик назорати асосида ўрганилди.
Албатта, жамоатчилик назорати жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларни, ҳалқни ўйлантираётган, ташвишга солаётган камчиликларни ҳал этишда, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Ўрганишлар жараёнида захирадаги картошка, пиёз, сабзи ва гуруч маҳсулотларининг 2193 тоннадан 976 тоннаси савдога чиқарилиб, қолдиқ маҳсулотларни сақлаш ҳолатига эътибор қаратилди. Айни пайтда бозорда барча турдаги гўшт маҳсулотлари 47 минг 942 тонна, сут маҳсулотлари 180 минг 202 тонна, балиқ маҳсулотлари 967 тонна, асал муҳсулотлари 200 тонна ва тухум 117 минг 135 донани ташкил этмоқда.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида бозорда бўш турган расталар бўлса-да, озиқ- овқат маҳсулотлари йўл бўйи ва йўлакларда санитария талабларига зид равишда сотилаётганлиги, гўшт дўконларида сотувчилар махсус кийимсиз мижозларга хизмат кўрсатаётганлиги каби салбий ҳолатлар ҳам антиқланди. Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъулларга тавсиялар берилди.

Ўрганишлар давомида жамоатчилик вакиллари томонидан маҳсулот нархларини асоссиз оширмаслик, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда савдо-сотиқ ишларини амалга ошириш юзасидан тадбиркорларга тушунтиришлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири