Ҳиндистон пойтахтида душанба оқшомида юз берган портлаш бутун шаҳарни ларзага солди, деб хабар бермоқда “BBC” нашри. “Red Fort” метро бекати яқинида автомобиль портлаши оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлди, йигирмадан ортиқ одам жароҳат олди.
Ушбу ҳудудда минглаб одамлар бўлади, шу сабабли кўпчилик буни тасодиф эмас, режалаштирилган ҳужум, деб тахмин қилмоқда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеа пайти ер титрагандек бўлган, кейин эса машиналар ёниб, одамлар ваҳима билан қочган.
– Ҳамма ер қон, одамлар ёрдам сўраб бақирарди, - деди воқеа жойидан 200 метр узоқликда яшовчи Моҳаммед Ҳафиз.

Жароҳатланганлар дарҳол яқин атрофдаги касалхонага етказилган. Айни пайт хавфсизлик кучлари бутун шаҳар бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Портлаш техник носозлик оқибатими ёки террор ҳаракатими, ҳозирча номаълум.
Мусулмон Зиё, ЎзА