Деҳлида “Ўзбекистон – унинг нигоҳида: Ипак йўлиҳикоялари” китоби тақдимоти ўтказилди
Яқинда Ҳиндистон пойтахтида Манав Рачна университети ва “ENN360” ташкилоти билан ҳамкорликда ўзбекистонлик ёш ижодкор қизларнинг инглиз тилида чоп этилган “Uzbekistan – through her eyes: Stories from the Silk Road” (“Ўзбекистон – унинг нигоҳида: Ипак йўли ҳикоялари”) номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчиларининг ЎзАга маълум қилишича, “Galleon” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоб “TEDx” спикери, ҳинд ёзувчиси Прачи Гупта ва “Shine” қизлар академияси асосчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Шоҳида Юсупова муҳаррирлигида тайёрланган бўлиб, унда Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли аёл-қизлари қаламига мансуб ҳикоялар, шеърлар, мақолалар ва эсселар жамланган.


Анжуманда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари, илмий-академик ва маданий-гуманитар доиралар вакиллари, журналистлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Йиғинда сўзга чиққанлар ушбу лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги маданий ва адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишини, мазкур тўплам нафақат адабий асарлар жамланмаси, балки ёш истеъдод эгаларининг овози, уларнинг жамиятдаги ўрни ва роли ҳақида муҳим хабар эканини таъкидлашди.


– Айни пайтда биз АҚШ, Хитой, Туркия, БАА, Озарбайжон, Миср, Қатар ва Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда маданий алмашинув лойиҳаларини амалга ошириб келмоқдамиз, -деди лойиҳа раҳбари Ш.Юсупова ўз нутқида. – Бошқача айтганда, халқаро антологиялар нашр этиш орқали Ўзбекистон ва ўзбек хотин-қизлари ижобий имижини дунё бўйлаб тараннум этяпмиз. Бу – нафақат менинг, балки юзлаб билимли ва иқтидорли ўзбек қизларининг ютуғидир. Мақсадим – илмли, иқтидорли дугоналаримни халқаро миқёсда танитиш.
Шунингдек, тақдимотда таниқли ҳинд профессори Сунил Кумар Рой бу каби тадбирларнинг ўтказилиши миллатлар ўртасидаги адабий, маданий ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишини қайд этди.

– Бу китоб шунчаки ҳикоялар тўплами эмас, балки маданиятлар ўртасидаги кўприкдир, -деди у. – Ушбу саҳифалар орқали биз ўзбек аёл-қизларининг кучи, заковати ва гўзаллигини кашф этдик. Бу китоб кишида юртингиз ва ўзбек қизлари ҳақида илиқ тасаввур уйғотади.
Тадбирда мазкур китобда ижодий ишлари чоп этилган истеъдодли аёл-қизларимиз ҳам сўзга чиқиб, ўлкамизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида йиғилганларга маълумот беришди.
Дарҳақиқат, бундай лойиҳалар Ватанимизнинг маданий ва ижодий салоҳиятини сайёрамиз бўйлаб намойиш этиш, аёлларимиз интеллектуал имкониятини юксалтириш, қолаверса, давлатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ў.Алимов, ЎзА