Дефолиация – муҳим тадбир
Қорақалпоғистон Республикасида ғўза парваришида муҳим агротехник тадбир – дефолиация ишларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида ғўза парваришида муҳим агротехник тадбир – дефолиация ишларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.Жорий йилда 94 минг 700 гектар майдонда ғўза парваришлаётган 2 минг 632 фермер хўжалиги далаларида ҳосил пишиб етилмоқда. Омилкор деҳқонлар 76 минг гектардаги ғўзанинг баргини сунъий тўктириш ва бу ишларни 86 отрядга бириктирилган ОВХ техникалари ёрдамида амалга оширишни режалаштирган.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Беруний туманидаги “Султон Рамонов” фермер хўжалиги далаларида ўтказилган кўргазмали семинар ана шу муҳим масалага бағишланди.
Семинарда Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманлари ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқлари, кимё, нефть маҳсулотлари таъминоти ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўза баргини сунъий тўктириш ҳосилнинг 10-15 кун олдин пишиб етилиши ва ҳосилдорликнинг сезиларли даражада ортишига хизмат қилади. Йиғиштириб олинадиган ҳосилнинг сифати ҳам кўп жиҳатдан мана шу тадбирни ўз вақтида ўтказишга боғлиқ.
Тадбир доирасида иштирокчилар техникаларнинг дефолиация ишларига тайёргарлигини кўздан кечирди. Ғўза баргини сунъий тўктиришда қўлланиладиган препаратларнинг хусусиятлари, фойдаланиладиган асбоб-анжомлар, техникалар ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди.
– Бу йил 10 минг гектар майдондаги ғўзанинг баргини сунъий тўктиришни режалаштирганмиз, – дейди Беруний тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Бахтиёр Абдуллаев. – Бу ишларда мавжуд техника ва иш кучидан унумли фойдаланиш учун барча чора-тадбир кўрилмоқда.
Кўргазмали семинарда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи шохобчаларнинг фаолиятини жонлантириш, мавсум давомида техникаларни эҳтиёт қисмлари ҳамда ёнилғи-мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш вазифалари белгилаб олинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.