Деҳқончилик ва экологик технологиялар
Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалигида Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароитида такрорий экинларни етиштиришда экологик соф технологиялар мавзусида илмий- амалий семинар ўтказилди.
Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалигида Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароитида такрорий экинларни етиштиришда экологик соф технологиялар мавзусида илмий- амалий семинар ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, вилоят ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Мамлакатимиз олимлари томонидан ердан оқилона ва самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини оширишда агробиологик усуллар, маҳаллий биопрепаратлар ва янги органик ўғитларни қўллаш борасида кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда.
Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароити бир мунча мураккаб бўлиб, бу ерларнинг мелиоратив ҳолатини ўрганиш, агрофизик, агрокимёвий, биологик хоссаларини комплекс тадқиқ этиш асосида янги технологиялар ишлаб чиқишни тақозо этади. Тадбирда тупроқ унумдорлигини янада оширишда микробиологик биопрепаратларни қўллаш, иқлим ўзгариши жараёнида тупроқни муҳофаза қилишда ресурстежамкор агробиотехнологияларни жорий этиш борасидаги изланишлар ва эришилган ютуқлар хусусида фикр алмашилди.
“Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги вилоятдаги кўп тармоқли йирик хўжаликлардан. Пахта ва ғалладан ҳар йили мўл ҳосил етиштирилаётир, чорвачилик ҳам сердаромад соҳага айланмоқда. Хўжаликда ҳосилдорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тупроқ унумдорлигини оширишда такрорий экин сифатида юқори ҳосил берадиган мошнинг аҳамияти катта. У тупроқни азот билан бойитиши баробарида ер структурасини ҳам яхшилайди. Хўжаликда яқинда ғалладан бўшаган 20 гектар майдонга мош экилди.
– Олимлар билан мулоқот ғоят фойдали бўлмоқда, – дейди “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Аҳмедов. – Бизда катта майдонларда мош етиштириш тажрибаси етарли эмас. Шу жиҳатдан олимларнинг мош парваришлашнинг ўзига хос технологияси ҳақида маслаҳат ва кўрсатмалари амалий ишимизда қўл келади.
Тадбир доирасида иштирокчилар Бухоро туманидаги “Арбоб Ботир”, “Дилноз ўғли Абдухалил” ва “Бафо Мардон Шариф” фермер хўжаликларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам танишди.