Давра суҳбати: сиёсий партияларнинг роли ошади
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишда сиёсий партияларнинг ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Бугун сиёсий партиялар ҳамда вакиллик органлари қабул қилинаётган давлат дастурлари мазмун-моҳиятида халқимиз хоҳиш-иродасини ифодалаш, давлат сиёсатини белгилаш ва амалга оширишда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Давра суҳбатида “Ўзбекистон–2030” стратегиясидан ўрин олган 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадни амалга оширишда сиёсий партия ва партия гуруҳлари иштирокини таъминлаш, бажарилган ишлар ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳаллий Кенгаш депутатлари ўрни, уларнинг сессиялар кун тартибларига киритаётган таклифларининг партия дастурий мақсадларига мослиги, партия гуруҳи сўровларини юбориш ва эшитувларини ташкил этиш бўйича амалга ошириб келинаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
[gallery-14825]
– “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 79- мақсади Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада оширишга бағишланган, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. – Унда парламент ва унинг органлари иш жараёнларини рақамли трансформация қилиш, шу жумладан, улар томонидан қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнларини 100 фоиз рақамлаштириш, сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш, депутат сўровини электрон тарзда юбориш ва назорат қилиш имкониятини таъминлаш белгиланган. Шунингдек, қонунчиликка оид таклифларни киритиш ва кўриб чиқиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.
Албатта, бу жараёнларни амалга оширишда сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни бор. Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда сиёсий партиялар жамоатчилик фикрини шакллантириш, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини олиб боришда фаоллик кўрсатишмоқда.
Давра суҳбатида сиёсий партиялар томонидан депутатлик гуруҳлари билан биргаликда ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Тадбир якунида депутатлар партия ҳамда Кенгашлар олдига қўйилаётган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари