Даволаш мажмуаси қурилиши давом этмоқда
Андижон вилояти, Избоскан тумани “Янгизамон” массивида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва даволаш мажмуаси қурилиши бошланди.
Андижон вилояти, Избоскан тумани “Янгизамон” массивида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва даволаш мажмуаси қурилиши бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида жойларда карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида касаллик тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус объектлар қуриш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, Избоскан туманида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва касалликка чалинган беморларни даволашга ихтисослашган минг ўринли даволаш комплекси қурилиши бошланди.
Янги тиббий комплексни барпо этиш учун аҳоли яшаш масканидан анча узоқ масофадан 15 гектар ер майдони ажратилди. Қазиш, ер текислаш, бетон қуйиш ишлари “Хакан автоинвест” масъулияти чекланган жамияти ишчи ва мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. Дастлабки кунданоқ қурилиш ишларида қатор ташкилотларнинг ҳайдовчи, механизатор, йўлсоз ва қурувчилардан иборат уч минг нафардан ортиқ мутахассислари иштирок этмоқда.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қурилиш майдонида бўлиб белгиланган ишларни сифатли ва имкон қадар қисқа муддатларда бажариш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва тавсиялар берди.

Қурилиш ишларининг уюшқоқлик билан олиб борилаётганлиги тиббий даволаш мажмуасининг қисқа вақт ичида барпо этилишидан ва халқимизга хизмат қила бошлашидан дарак беради.
Қурилиш майдонида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур барча чоралар кўрилган. Ишчи-хизматчилар ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар ва бошқа зарур воситалар билан тўла таъминланган.