Давлатнинг куч ва қудрати адолатдадир
Жиззах вилоятидаги барча умумтаълим мактаблари, техникум ва олий ўқув юртларида, театр ҳамда музейларда буюк бобокалонимиз, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ғаллаоролда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан улуғ жаҳонгир Амир Темурнинг таваллуд кунига бағишлаб “Давлатнинг куч ва қудрати адолатдадир!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирокчиларга ўқувчи- ёшлар томонидан Соҳибқирон саркардалигида мўғул босқинчиларини Турон заминидан бутунлай ҳайдаб чиқаргани, Ҳиндистондан Европагача бўлган бепоён ҳудудда улкан давлатни шакллантириб, уни адолат билан бошқарганини акс эттирувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.


Айниқса, тадбир давомида иштирокчилар тумандаги 26-сонли умумтаълим мактабида ташкил қилинган Амир Темур тематик синфи раҳбари ва шу таълим муассасаси тарих фани ўқитувчиси Ш.Хуббимовнинг Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маърузасини катта қизиқиш билан тинглади.

– “Темур тузуклари”да келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур тўрт вазирининг ҳар куни девонхонада муқаррар ҳозир бўлишини амр қилиб, улардан учинчиси келиб-кетаётганлар(савдогарлар ва сайёҳлар)нинг мол-мулкидан олинадиган закот ва божларни омонат тарзида сақловчи вазир ҳисобланган экан, – дейди Ш.Хуббимов. – Буюк Темур савдо йўллари ва савдогарлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратган. Европа ва Осиё давлатлари билан ниҳоятда кенг қамровда савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилган бўлиб, яхши қўшничиликка алоҳида эътибор қаратган. Мовароунаҳрнинг иқтисодиёти, маданияти, илм- фани равнақига жуда улкан ҳиссасини қўшган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари