Давлатлараро ишончдан ижтимоий бирдамлик сари: Бишкекда Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалалари муҳокама қилинди
22 июль куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ташриф дастури доирасида Марказий Осиёда минтақавий ўзига хосликни шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган эксперт семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Марказий Осиёда минтақавий ўзига хосликни шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ташаббуслар миллий институти томонидан Швейсариянинг PeaceNexus жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
Муҳокама очилишида сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Марказий Осиё ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйганини таъкидлади. Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч сезиларли даражада мустаҳкамланди, ўзаро боғлиқлик кенгайди ҳамда яқин вақтгача минтақавий ҳамкорликни чеклаб келган кўплаб тўсиқлар бартараф этилди.
Унинг таъкидлашича, эришилган минтақавий жипслашув даражаси пировард мақсад эмас. Унинг энг муҳим аҳамияти узоқ муддатли тинчлик, барқарор тараққиёт ва аҳоли турмуш сифатини ошириш учун мустаҳкам замин яратишдан иборат. Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликнинг кенгайиши, қўшма иқтисодий лойиҳаларнинг ривожланиши, гуманитар алмашинувларнинг фаоллашуви ҳамда ҳамкорлик учун янги имкониятларнинг очилиши туфайли айнан Марказий Осиё аҳолиси рўй бераётган ўзгаришлардан энг катта манфаат кўрмоқда.
Шу билан бирга, эришилган ижобий суръатни сақлаб қолиш учун фақат давлатлараро келишувларнинг ўзи етарли эмаслиги таъкидланди. Минтақавий яқинлашув жараёнлари кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда минтақа давлатларининг узоқ муддатли манфаатлари муштараклигини англашга таяниши лозим. Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепцияси айнан шу мақсадга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, бунда миллий ўзлик ёки давлат суверенитетини заифлаштириш ҳақида сўз бормайди. Аксинча, минтақавий ўзига хослик миллий ўзликни табиий равишда тўлдирувчи омил сифатида қаралмоқда. Бу ёндашув оддий ва узвий боғлиқликни англашга асосланади: Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатнинг тинчлиги, хавфсизлиги ва равнақи бутун минтақа фаровонлигига бевосита хизмат қилади. Муштарак тарихий-маданий ва сивилизатсиявий макон, маънавий-ахлоқий қадриятларнинг яқинлиги ҳамда келажак ҳақидаги умумий қараш минтақавий ўзига хосликнинг асосий таянчлари сифатида белгиланди.
Иштирокчилар Бишкекдаги семинар аввал Тошкент ва Фарғона водийсида ўтказилган эксперт муҳокамаларининг мантиқий давоми бўлганини қайд этдилар. Шу билан бирга, Концепцияни ишлаб чиқиш жараёни бошиданоқ очиқ ва инклюзив тамойиллар асосида ташкил этилиб, унда Марказий Осиёнинг барча давлатлари экспертлар ҳамжамиятининг кенг иштироки назарда тутилган. Бундан кўзланган мақсад ҳужжатни минтақанинг муштарак интеллектуал маҳсулига айлантиришдан иборат.
Муҳокамалар давомида экспертлар бўлажак Концепциянинг мазмун-моҳиятини кўриб чиқиб, замонавий «марказий осиёлик» қиёфасини шакллантириш, минтақавий ўзига хосликнинг таянч қадриятларини белгилаш, халқаро тажрибани мослаштириш имкониятлари, шунингдек, эҳтимолий таҳдидлар ва ахборот тўсиқлари масалаларини муҳокама қилдилар.
Минтақа аҳолисида умумийлик ва дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини излашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада академик мобиллик, чегараолди ҳамкорлиги, креатив индустриялар, ёшлар ва экологик ташаббусларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар якунида иштирокчилар ҳужжат устидаги қўшма ишларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар. Таъкидланганидек, минтақавий ўзига хослик, аввало, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишонч, яхши қўшничилик ва барқарор ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган амалий мазмун касб этиши лозим.
ЎзА