Давлат хизматлари маркази янги бинода
Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Қашқадарё вилояти Нишон туманида янги марказ биноси фойдаланишга топширилди.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида адлия бўлими масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур бино замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланди. Энди марказга ташриф буюрувчиларга давлат хизматлари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитларда кўрсатилади.

Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 26 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўъжазгина кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шахобчаси ташкил этилди.
Электрон навбат тизими 8 та мониторда акс этиб туради. 4 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчаклар ҳам ташкил этилган. Шунингдек, марказ биносида Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашган.
Қайд этиш керак, марказда имконияти чекланган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқарога –алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.

Давлат хизматлари марказида яратиб берилаётган бу каби шароитлар одамларнинг вақтини тежаш билан бирга, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини беради.
Маълумот ўрнида, туманда 158 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Марказ орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жорий йилнинг шу кунига қадар жами 44 минг 252 та давлат хизмати кўрсатилган.
Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиши кўзда тутилган. Марказнинг янги биноси Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганлигининг 3 йиллиги олдидан нишонликларга мустақиллик байрами олдидан муносиб совға бўлди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА