Давлат хизматида қанча вакант лавозим бор?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz платформасида давлат идораларидаги вакант лавозимлар учун танловлар ўтказилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, ўтган даврда 2 миллион 293 минг 609 нафар номзод вакант лавозимлар очиқ танловларида қатнашди.
Платформага уланган ташкилотлар сони эса 14 минг 560 тани ташкил этмоқда. Айни вақтда платформада 345 дан ортиқ вакант лавозим мавжуд.
Порталда 397 минг 289 нафар фуқаро ўз шахсий маълумоти (резюмеси)ни шакллантирган. 57 минг 399 нафар фуқаро давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, эндиликда давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ порталида синов тариқасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг вакант лавозимлари учун танловлар ҳам эълон қилиб борилади.
Дастлабки босқичда "O'ztransgaz" акциядорлик жамияти тизимидаги вакансиялар учун очиқ танловлар ўтказилади. Номзодлар vacancy.argos.uz порталидан рўйхатдан ўтиб, ариза қолдириши мумкин. Танловнинг барча босқичлари акциядорлик жамияти томонидан ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА