Давлат хизматида миллий қадриятлар ва маънавий масъулият
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Миллий қадриятларга асосланган давлат хизмати” лойиҳаси доирасида вазирлик ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад давлат хизматчиларида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва садоқатни мустаҳкамлаш, бошқарув маданиятини юксалтириш, шунингдек, касбий ва шахсий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилди.
Таъкидланишича, замонавий давлат хизматида ходимнинг касбий салоҳияти билан бир қаторда, унинг маънавий дунёқараши, юксак масъулияти, миллий қадриятларга содиқлиги ва одамлар билан мулоқот маданияти ҳам муҳим аҳамият касб этади.

– Давлат хизматчиси, аввало, халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилади. Шу боис унинг касбий билим ва кўникмалари билан бир қаторда, маънавий-ахлоқий фазилатлари, масъулият ҳисси ва жамоа билан ишлаш маданияти ҳам юксак бўлиши зарур. Миллий қадриятларга асосланган ёндашув давлат хизматининг самарадорлигини ошириш, фуқаролар билан мулоқотда очиқлик, ҳурмат ва инсон қадрини улуғлаш тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай семинарлар ходимларнинг ўз устида ишлаши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, шунингдек, жамоада соғлом маънавий муҳитни шакллантириши учун муҳим имконият яратади, – деди Тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси Зиёда Аҳмедова.
Тренинг дастури доирасида бошқарув психологияси, стрессни самарали бошқариш, жамоа билан ишлаш, шахсий ривожланиш ҳамда замонавий давлат хизматида маънавий қадриятларнинг ўрни каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида амалий машғулотлар ташкил этилди.
Тадбир якунида давлат хизматчиларининг касбий маҳоратини ошириш билан бир қаторда, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, миллий қадриятларга асосланган хизмат маданиятини шакллантириш ва жамоада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА