
Давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги изчил ишларни амалга оширади.
– Фармон ижроси доирасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш юзасидан масъул идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилмоқда, – деди Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров. – “Жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида жиноятчилик ошган, «қизил» тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитлар ўрганилади.

Ўрганиш якунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлисларида муҳокама қилинади. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан прокурорлар ва ички ишлар органлари, тегишли ташкилотларга тавсиялар ишлаб чиқилади. Ҳудудлардан келиб тушган таклифлар асосида қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзоларининг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш бўйича ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилади. Ҳудудий кенгашлар томонидан эса ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий ҳолатларни ўрганилади. Таҳлил натижалари бўйича миллий кенгашга таклиф киритилади.
Ҳар чоракда камида учта соҳада коррупциявий омилларни аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган ўрганишлар ўтказилади. Аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Инвестиция лойиҳаларига коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандартларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланади. Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш амалиётини йўлга қўйишда кўмаклашилади.
Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларини “Шаффоф қурилиш” тизимида амалга оширишни босқичма-босқич жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрланиб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига киритилади.
Агентлик бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирликда мақсадсиз харажат, тўғридан-тўғри шартнома тузиш, қиммат нархда товар (иш, хизмат)лар сотиб олиш, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини ўрганиш жараёнида иштирок этади. Аниқланган коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Давлат хизматчисининг сифатли ва коррупциясиз хизмат кўрсатганини “бир тугмали” визуал электрон баҳолаш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилади.
Халқаро тажриба асосида кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича янги механизмларни жорий қилишга оид таклифлар ишлаб чиқилади.
“Аксилкоррупция волонтёрлик фаолияти” лойиҳаси йўлга қўйилади. “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабаларининг махсус дастурлар асосида таълим олиши ташкил этилади. Виртуал академияда камида икки миллион ёшлар ҳалоллик, қонунга итоаткорлик муносабатини шакллантиришга қаратилган дастур бўйича ўқитилади.
Фармон билан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича йил якунига қадар 21 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА