Давлат хизматчиси малака ошириши зарур
Давлат фуқаролик хизматининг самарали фаолият юритиши авваламбор, уни ҳаракатга келтириб турган инсонларга бевосита боғлиқ. Лекин баъзида давлат фуқаролик хизматчиларини танлаш, тайёрлаш, ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва мотивация бериш тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги, давлат хизматчиларининг етарли тарзда компетентли эмаслиги сабабли бугунги кунда ижро органларида оқсоқликлар юзага келмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчисининг компетентлиги қандай оширилади? Албатта уларни ўқитиш, тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонунининг бир нечта моддаларида давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини ривожлантириш, шу жумладан, малака ошириши юзасидан нормалар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан 2022 йил давомида Самарқанд вилояти бўйича 5260 нафар давлат фуқаролик хизматчиларининг анъанавий ва масофавий шаклда малакаси оширилди.
Бу вилоят бўйича жами давлат фуқаролик хизматчиларининг 60 фоизини ташкил этмоқда. Жумладан, йил давомида 512 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбарлари Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси Самарқанд ҳудудий филиалида 60 соатлик малака ошириш курсларида билим, малака ва кўникмаларини ривожлантиришга эришди. Ушбу кўрсаткич вилоятдаги жами раҳбарларнинг 56 фоизини ташкил этади. 2023 йил январь ойидан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарларининг мутахассислари учун ўз соҳавий йўналишлари бўйича қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди.
Ушбу ўқув курсларида тингловчиларга назарий ва амалий билимлар уйғунлашган ҳолда ўргатилиб, уларнинг давлат органи ваколатларини лозим даражада амалга ошириши учун зарур бўлган билим, малака ва кўникмалари ривожлантирилмоқда.
Анъанавий малака ошириш курсларидан ташқари, Агентлик ташаббуси билан 2022 йилдан эътиборан Бош илмий методик марказнинг масофавий малака ошириш платформаси (БИММ) орқали 50 соатлик ўқув курслари ташкил этилди. Ўтган йил мазкур масофавий малака ошириш курсларида вилоят бўйича 4748 нафар давлат фуқаролик хизматчиси малака оширди. Жумладан, 64 нафар туман (шаҳар) сектор раҳбари, 72 нафар миллий кадрлар захирасига киритилган раҳбарлар, 116 нафар салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар (маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари), 44 нафар “Келажак лидерлари” клуби аъзолари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг ходимлари малака ошириб, сертификатга эга бўлди. Бугунги кунда масофавий платформа орқали туман ва шаҳар ҳокимларининг 83 нафар ўринбосари ва 67 нафар давлат фуқаролик хизматчилари малакасини оширмоқда. Масофавий платформанинг қулайлиги шундаки, унда давлат фуқаролик хизматчилари касбий билим ва кўникмаларини ишдан бўш вақтларида мустақил таълим шаклида ривожлантиришлари мумкин.
Курс якунида тингловчилар тегишли намунадаги сертификатни тизимнинг ўзидан юклаб олишлари мумкин ҳамда давлат фуқаролик хизматчисининг малака оширганлиги тўғрисидаги сертификат унинг шахсий маълумотлар базасида автоматик тарзда кўринади. Шу тариқа, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенциялари мустақил ошириб борилиши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчилари учун ҳафтанинг жума кунлари “Сиёсий (Маърифат) ўқув соат” лари ўтказиб келинаётган бўлиб, унда мамлакатимизда ва хорижда ҳафта давомида содир бўлган энг аҳамиятли янгиликлар, янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг қисқача мазмун-моҳияти, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти батафсил ёритилади ҳамда ҳафта давомида мутолаа қилиш учун адабиётлар тавсия этилади. Мазкур ўқув соатларини исталган вақтда ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Қолаверса, давлат хизматчилари учун ilm.argos.uz электрон платформаси ишга туширилган бўлиб, унда ҳам давлатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида долзарб бўлган мавзуларда тақдимот ва видео дарслар юклаб борилади.
Ушбу платформада давлат фуқаролик хизматчилари учун инглиз тили, лидерлик, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича курслар бор. Ушбу имкониятлардан қай даражада фойдаланиш бу албатта ташкилотларда фаолият юритиб келаётган давлат фуқаролик хизматчиларининг ўзларига боғлиқ. Сабаби ташкилотдаги инсон ресурслари ишда унумдорликка эришиш мақсадида ўз устида тинимсиз ишлаши, шахсий ва касбий ривожланиш иш режаларини тузиб, уларга амал қилиш чораларини кўриши лозим.
Раъно УМАРОВА,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Самарқанд вилояти филиали бош инспектори ЎзА.