
Хоразм вилоятидаги Маҳмуд Замахшарий номидаги Ахборот-кутубхона марказида “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳасига старт берилди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм филиали билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги турли соҳада меҳнат қилаётган давлат хизматчилари, ёшлар иштирок этди.
Тадбир доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали ва Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказининг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми имзоланди.
– Мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш, китоб мутоласига қизиқтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Эндиликда вилоятдаги барча давлат ташкилотлари ва органлари ҳудудий бошқармаларининг 5000 мингдан ортиқ ходимлари режа- график асосида кутубхонага келиб китоблар ўқиб, тақдимотлар билан танишиб, шахсий ривожланиш бўйича муҳокамалар ва тафаккур машғулотларида қатнашади, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилоят филиали бош мутахассиси Ибрат Қурбонов. – Бундай ташаббуслар давлат хизматчиларининг фаол, интеллектуал ва маданий етук шахс сифатида камол топишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, ушбу тадбирни ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам вилоятимизда давлат хизматчиларининг китобга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини шакллантириш ва фаол китобхонлар сафини кенгайтиришдир.
– Айни пайтда кутубхонамизнинг умумий фонди 650 мингга яқин нусхани ташкил этади, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази бош мутахассиси Шуҳрат Маткаримов. - Икки мингдан ортиқ нодир китоб, 300 га яқин ноёб қўлёзма сақланмоқда. Ташкил этилаётган бу каби тадбирлар идора ва ташкилотларда китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилиш, ёшларни миллий адабиётга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
[gallery-22915]
Тадбир давомида Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров билан маърифий суҳбат ҳам ташкил этилди. Унда хоразмлик олимлар, санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар, шунингдек, фаол китобхонлар ҳам иштирок этдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари