Давлат хизматчилари “Заковат”да баҳслашди
Юртимизда интеллектуал ўйинлар, хусусан, ақлни чархловчи, билим ва дунёқарашни юксалтиришга хизмат қилувчи "Заковат" ўйини оммалашмоқда. Зеро, бундай мусобақалар ёшларимизда чин маънода заковат, ҳозиржавоблик ва интилувчанлик хислатларини камол топтиради.
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр -концерт саройида вилоят ҳокими кубоги учун давлат хизматчилари ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда 40 та жамоа куч синашди.

Мусобақада вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Раҳимов сўз олиб, давлат хизматчиларининг билимли, маърифатли бўлишида бу каби тадбирларнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
– Аслида барча ёшларимиз "Заковат" чилар ҳисобланади. Лекин айнан давлат хизматчилари иштирокидаги бундай беллашувлар ўзига хос байрамга айланиб кетади. Энг муҳими, "Заковат" ўйинлари аҳоли, ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, илмга интилишни рағбатлантириш ва маънавий-маърифий салоҳиятни юксалтиришда беқиёс кучга эга. Бундай тадбирларни анъанавий тарзда давом эттираверамиз, -- деди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали раҳбари Аҳаджон Акбаров.

Қизғин ва дўстона руҳда бўлиб ўтган ўйинда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасининг жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси жамоаси иккинчи, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг махсус диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
М. Сулаймонов, ЎзА мухбири