Давлат харидларида 25 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ва мурожаатлар таҳлили натижасида қарийб 25 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва тегишли чоралар кўрилди.
Хусусан, Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармасининг 2 та 3,9 миллиард сўмдан ортиқ, Навоий вилояти Навбаҳор тумани Ободонлаштириш бошқармасининг 18 та 4 миллиард сўмдан ортиқ, Конимех тумани Ободонлаштириш бошқармасининг 22 та 5 миллиард сўмга яқин, Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг 9 та 480 миллион сўмга яқин, Нурота туман Ободонлаштириш бошқармасининг 12 та 2,3 миллиард сўмга яқин, Навоий вилояти Ёшлар ишлари бошқармасининг 3 та 550 миллион сўмлик, Қашқадарё вилояти Миришкор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 8 та 1,1 миллиард сўмлик, Бухоро вилояти Пешку туман тиббиёт бирлашмасининг 7 та 1,5 миллиард сўмдан ортиқ, Сурхондарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармасининг 2 та 1,7 миллиард сўмдан ортиқ, Тошкент вилояти “Ҳудудгаз комплектация” УКнинг 1 та 3 миллиард сўмдан ортиқ, Тошкент шаҳар “Кўприкқурилиш” АЖнинг 1 та 1,3 миллиард сўмлик рақобатни чекловчи ҳолатлар кузатилган.
Ўрганишлар давомида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани, яъни айрим харид жараёнларида рақобатни чеклашга олиб келувчи ҳаракатлар мавжудлиги аниқланган.
Шунга кўра, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан мазкур ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Давлат харидлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатли рақобат муҳитини яратиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА