Давлат университетлари кузатув кенгашларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий экспертлардан иборат бўлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз ректорлар олий таълим сифати, мазмуни ва натижаси учун шахсан масъулият олиши шартлигини таъкидлади.
Бундан буён давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан иборат бўлади. Кенгаш аъзолари ва жалб этилган экспертларга ҳақ тўлаш йўлга қўйилади.
Кузатув кенгашлари мутахассисликлар ва ўқув дастурларини меҳнат бозори талабига мослаб, тўлиқ қайта кўриб чиқади. Хорижий адабиётлар муаллифлари билан ҳамкорликда ҳар йили камида 50 та дарслик яратади.
Битирув ишлари ва диссертациялар иқтисодиёт тармоқларидаги амалий муаммолар ечимига йўналтирилади. Профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар иштирокида креатив клублар тузилиб, хусусий сектор эҳтиёжига мос илмий ишланмалар кўпайтирилади.
Давлатимиз раҳбари университет мустақиллиги таълим сифати, илм-фан ва иш берувчилар билан ҳамкорликда аниқ натижа бериши кераклигини қайд этди.
ЎзА