Давлат тилининг ривожланишида барчамиз бирдек масъулмиз
Маълумотларга кўра, сайёрамиз аҳолиси бугунги кунда 7 мингдан зиёд тилда гаплашади. Лекин уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд.
Ўтмишда 9 мингдан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши лозим.
Тил шахс ва жамият салоҳияти ҳамда маданияти савиясининг ўзига хос белгисидир. Бундан 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши чиндан ҳам улуғ ва тарихий воқеа бўлган эди. Ўзбек тили Қонун билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Она тилимиз чиндан ҳам расмий тил бўлди, жонли жараён сифатида қаддини тиклай олиши, ривожланиши учун қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида белгиланган вазифалар тилимизнинг ривожланишига кенг йўл очиб берди.
Ушбу хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 2020 йилнинг 20 январь куни қабул қилинди. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчасида, аввало, халқ фикри энг асосий мезон сифатида қаралиб, барча муҳим ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий қарорлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат қабул қилинаётгани фуқароларда ижтимоий фаоллик ҳиссини кучайтирмоқда.
Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтида ҳам барча ёзишмалар давлат тилида олиб борилиши йўлга қўйилган. Институтда ҳозирги кунда кенг фойдаланиладиган норматив ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинмоқда. Институтда ишлаб чиқилаётган Низом, услубий қўлланма ва услубий тавсиялар давлат тилида чоп этилмоқда.
Шуҳрат ҚУРБАНБАЕВ,
Ёнғин хавфсизлиги ва
фавқулодда вазиятлар муаммолари
илмий-тадқиқот институти
бошлиғининг ўринбосари – илмий-тадқиқот
ишлар маркази бошлиғи, подполковник
ЎзА